ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИ – МАЪРИФАТ

Бух МТИ “Технологик машина ва жиҳозлар”  
кафедраси катта ўқитувчиси –  М.Ҳ.Гаппарова
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4307-сон қарори ва “Ўзбекистон Республикасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, жаҳонда ғоявий-мафкуравий курашлар кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида миллий қадриятларга беписандлик, зарарли ёт ғоялар таъсирига берилиш, жиноятчилик ва экстремизм ҳаракатларига адашиб қўшилиб қолиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Аслида, барчамизга маълумки, “маънавият” сўзи араб тилига мансуб бўлиб, “маъно” сўзининг жамъини, яъни “моддий бўлмаган нарсалар” маъносида инсоннинг руҳияти, имон-эътиқоди, тафаккури, онги, ақлу заковати, илму фаросати, кийиниш, сўзлашиш, муомала маданияти, миллий ҳамияти, миллий қадрияти, тарбияси каби тушунчаларни мужассамлаштирган яхлит тушунча. Шу жиҳатдан маънавият ҳар қандай давр ва замонда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи,бўлиб келади, унга ҳамиша зарурат сезилади.
Маънавий эҳтиёжни қайси ўринга қўйиши ва намойиш қилиши билан шахснинг индивидуал хусусияти ҳам, эътиқодий мақоми ҳам, маърифий мартабасию ижтимоий онг даражаси ҳам аниқ белгиланади.
Маънавият – очлик, йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳлу нафсни тийиш ва енгишни, хуллас барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади. Уни чин маънода, борлиғича ҳис қила олмайдиганлар, англаб етмаганларгина инкор этади, паст баҳо беради, аҳамиятсиз кўради.
Ҳақиқатдан ҳам, инсон яралишидан, яшашидан мақсад қорнини тўйғазиш, моддий заруратларни қоплаб яшаш эмаску. Руҳни қачон ва қандай озиқлантирамиз унда? Тафаккурни қачон тўйдирамиз? Маънавиятни қачон бойитамиз? Қовжираб бораётган руҳни қачон суғорамиз? Аслида руҳ оч ва юпун бўлиб бормоқдаку…
Ушбу муаммоларни олдини олиш мақсадида “Технологик машина ва жиҳозлар” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Талабалар турар жойида тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирни  “Т а ЧС” факултети “Ёшлар билан ишлаш бўйича” декан ўринбосари  А.Қ. Салохов  сўзга чиқиб, ушбу тадбирни очиб берди:
Маърифат деганда нимани тушунамиз?
Маърифат-педогогика нуқтаи назаридан таълим ва тарбия сўзларининг қўшма бирлигини билдириб, таълим – билим бериш, тарбия эса олган билимларни ҳаётда қўллай олишлик яъни олинган билимларга кўникма ҳосил қилиш, авлодлар тарбиясини одамларга ўргатиш маъносида талқин этилади. Маърифат – яъни билим маърифатпарварлар орқали ёйилади. Маърифатпарвар – жамият ва инсонларни маърифатли қилиш учун курашувчи, маърифат хомийси ва тарафдори демакдир. Маърифат қарамлик, қўрқув ва ҳадикни бартараф қилади, инсонга беқиёс илоҳий қудрат, мислсиз салоҳият ато этади. Шунинг учун барча замонларда озодлик учун курашчилар мамлакат, миллат озодлигини халқнинг маърифий уйғоқлигида деб билдилар ва маърифат учун курашдилар.
Ўтмишда яшаб ижод этган алломаларимиз Фарғоний, Хоразмий, Фаробий, Ибн Сино, Улуғбек, Бухорий, Термизий, Марғилоний, Мотрудий, Замахшарий ва бошқалар нафақат илм чўққиларини эгаллабгина қолмай, уни – яъни маърифатни кенг тарғиб этганлар, ўргатганлар, шогирдларни тарбиялаганлар. Туркистон маърифатчилик мактаби бой ўтмиш ва улкан меросга эга. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори Абдурашидхон ўғли, Ашурали Зоҳирий, Саидрасул Саидазизий, Исҳоқхон Ибрат, Аҳмад Дониш ва бошқалар мамлакатни, халқни миллий зулм ва маърифий қолоқликдан халос этишнинг ягона йўли маърифатда деб билдилар.
Маърифатпарварлик ҳаракатининг ёрқин сиймоларидан бири Абдулла Авлонийнинг «Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотидир», – деган ғояси маърифатпарварлик ҳаракатиниг дастурини ташкил этган.
Шундан сўнг, кафедра мудири доц. Ф.А.Қурбонов сўзга чиқиб, талабаларга қуйидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
Бугунги кунда далатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг асосий мақсади – маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятига яқиндан кўмаклашиш ҳисобланади.
Бугунги кунда жамоа жойида ўзини тутишни билмайдиган, жанжалга мойил, ён-атрофдагиларга беписанд шахсларни кузатиб, ижтимоий, руҳий аҳволини ўрганиш, тегишли чора-тадбирлар қўллаш механизмини йўлга қўйиш;
-оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва соғломлаштиришга қаратилган фаолиятда иштирок этиш,“маҳалла–туман–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
-“ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ” ҒОЯСИ асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, тинчлик ва осойишталикка, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, қадрият ва урф-одатларга ҳамда инсонпарварлик ғояларига хавф солувчи турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарғибот ишларини олиб бориш зарурлигини қўрсатади.
Шунингдек, кафедра доценти О.И.Ражабов сўзга чиқиб, қуйидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди:
Маърифат — кишиларнинг онгини, билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия. У табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради.
Маърифат – илму урфон маъносида ҳам ишлатилади. Маърифат тушунчаси маданият, маънавият тушунчалари билан боғлиқ. Маърифат маънавий қарамликни бартараф қилади, инсонга куч-қудрат ато этади. У кишиларни жаҳолатдан қутқаради, бузуқ ишлардан қайтаради, яхши хулқ ва одоб эгаси бўлишга ёрдам беради. Маърифатли кишилардан ташкил топган жамият равнақ топади, келажаги порлоқ бўлади. Маърифат — билим ва маданиятнинг қўшма мазмуни бўлиб, маориф уни ёйиш воситасидир. Маърифатни ҳаётга сингдириш маориф тизими орқали амалга оширилади.
Шунингдек, тадбир давомида талаба-ёшлар ўртасида “Маърифат деганда нимани тушунамиз?” мавзусида баҳс-мунозара ҳам бўлиб ўтди.
Талаба-ёшларимиз ушбу масала бўйича саволларга жавоб бериб, бугунги кунда жамиятимиз, ватанимиз ривожи ва тараққиётининг асоси – маърифат эканлиги тўғрисида тушунчаларга эга бўлдилар.