Ma’naviy etuklik va siyosiy hushyorlik.

Маънавий етуклик ва сиёсий ҳушёрлик.

Истамова Гавҳар Хайруллаевна
БухМТИ “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ўқитувчиси
Ахборот хуружи авж олган, глобаллашув жуда катта тезлик билан кенг тарқалиб бораётган даврда яшаяпмиз. Оммавий маданият деган башариятнинг келажагига таҳдид солиб турган миллат руҳияти энг олий қадриятлари тили, дини, эътиқодига қарши қаратилган мафкура тобора хавфли мафкурага айланмоқда. Биз, қадим шарқнинг қонуний меросхўри сифатида туркий оламни: тилимиз, динимиз, эътиқодимиз, миллий ва умумбашарий қадриятларимизни асраб-авайлашга ва қадрлашга масъулмиз.
Бугун дунёнинг сиёсий полигонларидан бирига айланган Қозоғистон ҳаммамиз учун яхшигина сабоқ, ибрат ва намунадир. Мавжуд ижтимоий-сиёсий тузум ва халқ ўртасидаги келишмовчиликнинг сабаблари кузатилганда қуйидаги омиллар яққол кўзга ташланади.
1) ижтимоий ҳимоя қатламининг заифлашуви;
2) миллий қадриятларга оммавий маданиятнинг таъсири;
3) носоғлом ташқи мафкуранинг миллий минталитетга таъсири;
4) миллат психологияси ва кундалик маиший турмуш даражасини ўрганувчи соҳаларнинг оқсаши, айни шу йўналишдаги таҳлилий мониторингнинг тўғри йўлга қўйилмаслиги.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, содир бўлган воқеаларнинг ташқи ва ички, объектив ва субъектив сабаблари мавжуд бўлиб, бу муҳит, шароит, халқнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий салоҳияти билан боғлиқ.
Ҳокимият аслида халқнинг орзу-интилишларини акс эттирувчи ва халқ манфаатлари ҳимоясига қаратилган бошқарув шакли.  Унда миллатнинг барча эҳтиёжларини қондирувчи тамойиллар ўз аксини топади, агар мана шу мезонга қатъий амал қилинмаса, халқ ва давлат ўртасида дастлаб норозилик шаклида пайдо бўлган келишмовчилик оммавий халқ кўтарилишига сабаб бўлади.
Тарихдан кўриш мумкинки, ижтимоий тараққиётнинг турли босқичларида шахсга сиғиниш ҳар доим мамлакат тараққиёт йўлига ғов бўлган, табақалараро ижтимоий тенгсизликнинг кўчайишига ва улар ўртасидаги зиддиятнинг авж олишини тобора орттирган. Халқ тинчлиги, осойишталиги барча нарсадан муҳим, соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида ҳам айни шу масалага эътибор қаратилган.
Умрини ва ижодини халқ ҳаётидан айро тасаввур қилолмаган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон сингари буюк сиймоларнинг ижтимоий фаолиятида асосий ўрин тутган халқ категорияси заминида ҳам шу муаммо етакчилик қилади.
Ташқи кучларнинг таъсири, мафкуравий бўшлиқ, ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши, жамиятдаги табақаланиш оқибатида кучли халқ норозилигига олиб келадиган оммавий тартибсизликларнинг асл сабаби ана шунда. Чўлпоннинг машҳур “Халқ” шеърида таъкидланганидек, “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” экан, халқ манфаатларини ҳимоя қилмаган ҳар қандай ижтимоий сиёсий тузум таназзулга учраши муқаррар.
Юртимизда маҳалла фаолиятининг тўғри йўлга қўйилиши, инсон феноменининг энг олий қадрият сифатида эъзозланиши, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг устуворлиги, қолаверса, юртбошимиз томонидан жорий йилда ҳам инсон манфаатларига катта эътибор қаратилишининг исбот и ўлароқ 2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб  эълон қилиниши натижасида халқ ва давлат манфаатлари якдиллик касб этмоқда. Натижада ижтимоий қуйи қатлам манфаатлари ҳимоясига қаратилган ва аҳоли ўртасида диний, ахлоқий, маърифий, ижтимоий-сиёсий тарғиботнинг кучайтирилиши мамлакатимизда соғлом фикр, соғлом муҳитнинг барқарор бўлишиини таъминламоқда.
Таълим-тарбия ва халқ саломатлигига қаратилаётган эътибор, ишлаб чиқаришнинг жадал суратлар билан ошиши, китобхонликнинг кенг йўлга қўйилиши юртимизда ҳавас қилса арзигулик фаровон турмуш тарзини шакллантирмоқда. Бир сўз билан айтганда, давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва якка-ёлғиз, иқтисодий ночор, ҳимояга муҳтож оилаларнинг назорат остига олиниши сиёсий барқарорликни мувозанатда сақлаб турибди.
 Фикр, туйғу, ҳис тўғри йўналтирилган пайтдагина ижобий муваффақият қозониш мумкин. Юқоридаги фикрларнинг тасдиғини халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт тарзи кўрсатиб турибди. Шунинг учун огоҳлик ва ҳушёрликка эътиборни кучайтириш ҳар бир ўзбекман деган, айниқса, келажагимиз қўлида бўлган ёш миллатсеварларнинг бугунги олиймақом бурчидир.