Бухоро мухандислик-технология институти ахборот-ресурс маркази директори Хусенова Мавжуда I даражали “Ахборот-кутубхона аълочиси” деган шарафли мақомга эга бўлди.

Юртимизда ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитишга муносиб ҳисса қўшаётган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилиб, бу йўналишда юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юксак эътирофга сазовор бўлаётганликлари кўнглимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.
Бугун, 25 май куни вилоят ҳокимлигида ана шундай юксак эътирофга лойиқ топилган бухоролик юртдошларимизни тақдирлаш маросими ташкил қилинди.
Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги буйруғи билан ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилиб, бу борада юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини навбатдаги ютуқ––кўкрак нишонлари билан самимий муборакбод этди.