Blog

Ректорларнинг ўзбекистонлик магистрантлар билан учрашуви

“СТАНКИН” Москва давлат техника университетида  университет ректори Элена Катаева ва Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратулла Баракаев қўшма дастур асосида таълим олаётган ўзбекистонлик магистр талабалар билан учрашув ўтказишди.

Москва давлат техника университети ва Бухоро муҳандислик-технология институтининг ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари 2018 йил май ойида бошланган. Ушбу ҳамкорлик қўшма дастур асосида талабаларни ўқитишни ўз ичига олади. Улар “Машинасозлик саноатини лойиҳалаш ва технологик таъминлаш”, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш”, “Робототехника ва мехатроника” йўналишларида бакалавриат босқичида 2 йил Ўзбекистонда ўқишса, қолган икки йил Москва давлат техника университетида таҳсил олишади. Магистратура босқичида эса бир семестер Ўзбекистонда, қолган 3 семестрни Москвада ўқишади. Ўқиш давлат гранти асосида бўлиб, Москва давлат техника университети томонидан талабаларга стипендия ажратилади.

2019 йилда Бухоро муҳандислик-технология институтига Москва давлат техника университетининг 4 нафар профессор-ўқитувчиси ташриф буюришди ва 2019 йил декабр ойида 1 ҳафталик интенсив курс ташкил этилди. Унда москвалик мутахассислар машинасозлик саноатининг замонавий муаммоларини ва уларни ҳал қилиш йўллари мавзуларида маърузалар қилишди.

– Бугун ташрифингиз шунчаки ҳамкорликка бўлган интилишни тасдиқлаш эмас, балки шартномаларнинг амалда бажарилиши мисолидир. Давлатларимизнинг таълим тизимидаги алоқалари нафақат сақланиб қолиши, балки янада кўпайиши керак. Бу ерда таълим олаётган талабалар замонавий автоматлаштирилган рақамли ишлаб чиқариш соҳасидаги илғор компетенцияларни ўрганиб, юртингизда ҳам ушбу соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшишади”, деди Москва давлат техника университети ректори Элена Катаева.

Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратулла Баракаев самарали ҳамкорлик муносабатлари учун Москва давлат техника университетига миннатдорчилик билдирди. – Ушбу қўшма дастур асосида таълим олган йигит-қизлар мамлакатимиздаги иш берувчилар томонидан талаб катталиги сабабли тез орада ўз иш ўринларига эга бўлишлари ва улар замонавий муҳандисларнинг янги авлоди бўлишларини ишонч билан айта оламан. Бу бизнинг илмий тадқиқотлар ва амалий ишланмалар соҳасида ҳар томонлама ҳамкорлик йўлидаги биринчи қадамдир ва СТАНКИНА жамоаси билан яқин дўстона иш олиб боришдан манфаатдормиз”, деди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратулла Баракаев

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *