ЭНГ КАТТА БОЙЛИК — АҚЛ-ЗАКОВАТ,….

ЭНГ КАТТА БОЙЛИК — АҚЛ-ЗАКОВАТ, ЭНГ КАТТА ҚАШШОҚЛИК ЭСА — БИЛИМСИЗЛИКДИР

«Муваффақиятларимнинг юздан тўқсон
тўққизи меҳнат, юздан бири ақлим маҳсули»
Томас Алва Эдисон
       Инсон билими билан қадрланади. Ҳақиқий зиёли ўрганишни мақсад эмас, инсонларга хизмат қилиш воситаси эканини билади. Илмини инсоният фойдасига ишлатади. Ўқишдан мурод атрофдагиларга фойда келтиришдир. Илм инсониятга хизмат қилсагина қадрли, фойдалидир. Амалга тадбиқ этилмаган билим қанчалик фойдали бўлишидан қатъий назар бирор ишга ярамайди.
 
     Жорий йилнинг 10 май куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ёшларни илм-фан соҳасига кенг жалб этиш, улар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқот ишларини  олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2019 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» номли илмий-инновацион ишланмалар республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

     Мазкур танловда ўзининг илмий ишланмаси билан фаол иштирок этиб, олийгоҳимизни обрў-эътиборини юксакларга олиб чиққан, республика босқичида I фахрли ўринни қўлга киритиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус дипломи ва 30 миллион сўмлик пул мукофоти билан рағбатланган “Тўқимачилик ва чарм саноати” факультети, “Чарм буюмлари технологияси ва дизайни” кафедраси ассистенти,  техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Муҳаммедова Мадинабону Олим қизи муносиблар қаторидан жой олди.