Blog

COVID – 19 пандемияси таълим тизимида ўзгача фикрлашга мажбур киляпти

Бухоро МТИ

“Хорижий тиллар” кафедраси

Ўқитувчиси Мамедова М.А.

Олий таълим муассасалари коронавирус пандемияси туфайли талабаларни жорий йил 16 мартдан мажбурий таътилга чиқардилар.

Пандемия карантини жорий этилиш бошқа соҳалар сингари олий таълим тизими вакиллари – раҳбарият ҳам, профессор-ўқитувчиларга ҳам, талабаларга ҳам, оддий меҳнат ходимига ҳам янги вазифалар, янги чақирувларни белгилади. Масофадан таълим бағрига шамол теккандек бўлди. Анчадан бери ривожланиши кутилаётган масофавий таълим кутилмаганда ривожланишни бошлади. Тўғри камчиликсиз иложи йўқ. Лекин бошласа бўлар экан. Яхлит тизим, умумий жамоа кўмагида масофавий таълим тизими moodle платформасида яратилди ҳамда талабалар эътиборига етказилди.

Бу жараённи ижобий жиҳатлари билан биргаликда салбий томонлари ҳам кўзга ташланиб қолди:

  • интернет бутун Ўзбекистон бўйлаб бир меъёрда ишламаслиги;
  • айрим профессор-ўқитувчиларнинг масофадан дарс ўтишга тайёр эмаслиги;
  • интернет узилишлари туфайли назоратни топширишда нуқсонлар бўлаётганлиги ва бу ўз навбатида назорат натижасига таъсир кўрсатаётгани.

Янги тизим, янги таълим олиш муҳитида камчиликлар бўлиши табиий.

Масофавий таълимни ижобий томонлари ҳақида сўз юритилса, кўпдан бери муҳокама қилинаётган муҳим масалалар ойдинлашади:

– талабалар мустақил ишлаш, ўрганиш, изланиш кўникмалари шаклланаётганлиги;

– ҳар бир ОТМда бир нечта 100 Гб. ҳажмда минглаб видеодарслар яратилганлиги (одатий таълим жараёнида бундай қисқа вақтда шундай ҳажмдаги ишни бажариш даргумон);

– ва ниҳоят! профессор-ўқитувчиларга ижод, изланиш имконияти – эркинлик берилганлиги (одатий таълим жараёнида профессор-ўқитувчи қоғозбозликдан бўшамаётган эди);

– яна бир муҳим жиҳати, ҳар бир профессор-ўқитувчига фанни ўзлаштиришни баҳолашдаги барча тўсиқлар олиб ташланганлиги;

– замонавий дастурлардан фойдаланган ҳолда онлайн дарсларни (онлайн режимда видеомулоқот) ташкил этилаётганлиги.

Камчилик ва афзалликларни солиштириш баробарида, масофавий таълим имкониятлари кенглигини яққол сезилди. Янги ўқув йилида талабаликка қабул қилиш параметрларини айнан масофавий таълим кўрсаткичлари ҳисобидан оширишни вақти келди, чамамда. Сабаби масофавий таълим тизимида 6000 нафар талабага ҳам, 16000 нафар талаба талабага ҳам ёндашув бир хилда бўлади. Асосийси бу жараён профессор-ўқитувчиларга ҳамда талабаларга янги билимларни ўрганиш даври бўляпти.

Карантин даврида Бухоро муҳандислик – технология институтида ташкил этилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталсак.

Талабалар таътили даврида олий таълим профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари меҳнат таътилига чиқарилди. Шу билан биргаликда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан тавсиялар асосида профессор-ўқитувчилар масофавий иш жараёнига ўтказилди.

Талабаларнинг уйдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус асосида онлайн лойиҳалар ташкил этилиб келинмоқда. Шу ўринда карантин даврида ёшларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллиги ошганлигини айтиб ўтиш лозим.

Таъкидлаш жоиз, илмий педагогик жамоамиз карантин даврида масофавий ўқитиш бўйича хорижда тўпланган илғор тажрибани ўрганиш, уни қўллаш, таълим жараёнини кредит тизими асосида йўлга қўйиш, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифлар билдирмоқда. Қолаверса, улар инновацион ахборот технологияларга асосланган илмий-педагогик изланишларни олиб боришаётир. Бунинг самарасида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан қисқа муддатда бир неча юзга яқин видеодарслар яратилди.

Share this post