Blog

COVID-19-ГА ҚАРШИ ИНСОНЛАРДА РУҲИЙ КУЧ ЗАРУР

Шу кунларда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирус инфекцияси инсоният аҳлини таҳликага солиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида дунё давлатларида ва республикамизда ҳам карантин эълон қилишга олиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат билан чиқдилар.

Президентимиз бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемиясининг салбий таъсири, юзага келаётган инқирозлар ва глобал муаммолар ҳақида тўхталишлари билан бирга мамлакатимизда юзага келган вазият, айрим фуқароларнинг вафоти муносабати билан уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирдилар. Давлатимиз раҳбари хориждан олиб келинган фуқароларимизнинг карантинга олингани, келгусида пандемия оқибатларини камайтириш ва унинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Хўш, биз бундай вазиятдан қандай хулосалар чиқариб яшаяпмиз? Юзага келган бу вазиятдан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳақида уйлаб кўряпмизми? Яъни бу вазият одамларнинг ўз инсоний потенциалини кучлироқ ишга солиш ва ривожлантириши учун муҳим бўлган шарт-шароитни яратди десак адашмаймиз. Бундай шароитда биз биринчи навбатда, иш кунимизни яхшилаб режалаштириб, тўғридан – тўғри ўзимиз устимизда ишлашимиз керак. Кимдир китоб мутолаа қилиши, кимдир ижод қилиб асарлар ёзиши, яна кимлардир каштачилик, рассомчилик билан шуғулланиши натижасида яхши самарага эришади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни жоиз деб билдим. Биз мустақил ишлаш деган тушунчани анча вақтдан буён эсимиздан чиқариб қўйганмиз. Инсонлар ўз интеллекти устида, мустақил ишламай қўйдилар. Оқибатда эса биз бир қолипда яъни, бир хил фикрлайдиган, шу қолипдан ўзгача фикрламайдиган одамларга кўпроқ дуч кела бошладик. Бундай ҳолат эса ўз-ўзидан ҳаёт тарзимизда муаммолар келтириб чиқара бошлади. Кўплаб муаммоларнинг таг замирида, қолип фикрлаш, профессионалликнинг йўқлиги, ҳамда инсон ўзининг потенциалини ишга сола олмаслиги ётади. Айни дамда, шу коронавирус даврида ўзимизнинг потенциалимизни, ўз ақлий салоҳиятимизни ишга солиш имкониятига вақт нуқтаи назаридан эга бўлишимиз мумкин. “Бир ёмоннинг, яхшиси ҳам бор” деганларидек, бу ҳолат бизларни янада ўзимизнинг ақлий салоҳиятимизни ошириш, профессионал даражамизни кўтариш имконини яратмоқда.

Азалда, юрт раҳбарлари турли талофатлар, урушлар ва глобал бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатганликларини яхши биламиз. Лекин 34 миллион аҳолига эга бўлган катта давлатнинг раҳбари бугунги ташвишли кунларнинг барча юкини ўз зиммаларига олдилар.

“Тарихни шахслар яратади”, деган ибора бежизга айтилмаган. Бугун давлатлар қанчалик қудратли, аҳолиси қанчалик кўп бўлмасин, пандемия олдида шошиб қолмоқда. Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, халқни талофатсиз бу балодан олиб чиқиш, далат бошқаруви ва иқтисодиётида ўйлаб кўрилмаган тезкор тадбирларни ўтказиш, яъни мобил шифохона, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни аниқлаб, уларга манзилли амалий ёрдам кўрсатиш, мамлакатни тоза, озода тутиш, жамиятни етаклаш, пенсия, нафақаларни эгалари қўлига ўз вақтида етказиш, иқтисодиётнинг энг муҳим йўналишлари, айниқса, олий таълим йўналишларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини юритиш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш орқали уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш каби масалаларни фақат ўз халқи ва юртини қалбдан севган одамгина ҳал эта олади.

Биз бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда урф-одатларимизга қатъий риоя этишимиз, хусусан, азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлаш лозимлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Бундан ташқари, ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажаришимиз, аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозимлиги ҳам эслаб туришимиз керак. Бундай бало хонадонларимиз тоза, озода, ўзимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан пок, сабр-тоқат билан оила бағрида бўлгандагина даф бўлиши мумкин. Шу ўринда кўпни кўрган, ҳар қандай қийичинликларни мардонавор енгиб ўтган нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканимиз, бунинг учун биз инсонларга катта ақл ёки билим керак эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Биздан бугунги оғир кунларда фақат сабр-тоқат қилиш, соғлигимизни сақлаш, илм олиш, ибодат қилиш, ўзлигимизни англаш, ўзимизни ва атрофимиздагиларни асраш, энг асосийси, инсон деган номга муносиб бўлишимиз талаб этилади, холос. Чунки руҳан кучли бўлган ҳар қандай инсон офатларни енга олади.

Қ.Ю.Махмудов – “Механика ва архитектура-қурилиш” факультети ЁБИБ декан ўринбосари

Share this post