Blog

Қўлни ювиш- касалликларни олдини олишнинг энг осон усули

Ота-боболаримиз ёшлигимиздан “Овқатга ўтиришдан аввал қўлларингизни ювинг” деб ўргатишган, шунинг учун айтган сўзлари шиор каби мияларимизга ўрнашиб қолган. Бугунги кунга келиб “қўлларни ювиш” глобал миқёсда оммалашган.

Болалар жамғармаси (UNICEF), Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) ташаббуси билан 15 октябрь Бутунжаҳон тоза қўллар куни деб эълон қилинган бўлиб, ушбу сана илк бор 2008 йили БМТ Бош ассамблеяси “Санитария йили” тантанаси остида нишонланган. Шунинг учун ҳар йили 15 октябрь Бутунжаҳон тоза қўллар куни деб нишонланиб келинмоқда.

Қўлларни ювиш ёки ювмаслик ҳар бир инсоннинг шахсий истагидир. Лекин БМТ мутахассислари ҳамда Бутундунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг фикрига кўра  ювилмаган кир қўллар жаҳон миқёсида кўриладиган бўлса, фожиали натижаларни олиб келар экан.

Ювилмаган қўллар инсон организмига холера, вирусли пневмония, коронавирус, гепатит, грипп ва ОРВИ каби хатарли касалликларни олиб киради. “Ифлос қўллар” Осиё ҳамда Африка мамлакатларида болалар ва катталар ўртасида юқори ўлим даражасига сабабчидир. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра ҳар йили “ифлос қўллар ҳасталиги” дея номланувчи диареянинг ўзидан минглаб болалар дунёдан кўз юмар экан. Шундай экан, тоза қўллар минглаб инсон жонини сақлаб қолади.

Хабарингиз бор, дунё бўйлаб тарқалган COVID-19 коронавируси эпидемик вазиятни, яъни бутун дунё аҳолиси вирусдан ҳимояланиш, унинг кўпайиб кетмаслиги ва бу вирусдан батамом қутулиш мақсадида профилактик ишлар олиб борилмоқда. Шундай профилактик чора-тадбирлардан бири бу қўлларни тоза сақлашдир, яъни ҳар 2 соатда қўлларни совун билан ювиб туриш керак.

Қўл ювиш каби жуда оддий ҳаракат уйда, ишда, болалар боғчалари, мактаблар ва касалхоналарда турли инфекция ва хасталиклар олдини олишнинг энг самарали усулларидан биридир. Тоза қўллар вирус ва микроблар юқишига ва уларнинг жамоатчилик орасида тарқалишига йўл қўймайди.

Қўл ювиш қай тарзда касалликлар олдини олади?

Қўлларимиз организм, оғиз, бурундан чиқадиган турли ажралмалар, нажасга тегади, хаста кишиларнинг вируслари юққан буюмлар билан алоқада бўлади. Қўлни оқар сувда совун билан ювиш, тоза ёки бир марталик сочиқдан фойдаланиш механик йўл билан потенциал касаллик тарқатувчиларни йўқ қилади. Совун нафақат касаллик тарқатувчиларни йўқотади, балки қўллардаги вирусларни ҳам қиради.

Қўл ювишнинг самарадорлиги

Тадқиқотлар кўрсатишича, қўлни сув ва совун ёрдамида яхшилаб ювиш ичак касалликлари ва диареяга чалиниш ҳолатларини 31 фоизга, нафас йўллари касалликларини эса 21 фоизга камайтиради. Олимлар қўлни сув билан совунлаб ювиш бутун дунё бўйлаб миллионлаб касалланиш ҳолатлари олдини олиши мумкинлигини айтади. Вирусли гепатит, овқатдан заҳарланиш, энтерит, нафас йўллари инфекциялари, ичбуруғ кабилар — ифлос қўллар касалликларидир.

Қўлни қандай ювса, тўғри бўлади?
• қўлни доимо овқатланишдан, болаларга овқат беришдан ва ҳожатхонага кириб чиққандан сўнг ювиш керак;
• қўл ювиш жараёни камида 30 сония давом этиши лозим;
• қўлни албатта совунлаб ювиш зарур;
• сув иссиқ бўлиши керак эмас. Микроблар иссиқ сувда ўлади, деган фикр янглишдир. Шу тариқа, сиз терининг ҳимоя қатламини ювиб юборасиз, бу эса қўлингизга шикаст етказиши мумкин;
• қўлни икки марта совунлаш керак;
• асосий эътиборни бармоқлар оралиғи ва тирноқлар остига қаратинг, у ерда доимо микроблар кўп бўлади;
• нафақат кафтларни, балки билакларни ҳам ювинг;
• қўлни оқар сув тагида ювинг;
• қўлларни юмшоқ сочиқда яхшилаб артинг. Ахир, маълумки, бактериялар илиқ ва нам муҳитда кўпайишни яхши кўради;
• сочиқни иложи борича тез-тез алмаштиринг. Оиланинг ҳар бир аъзосида алоҳида сочиқ бўлгани маъқул;
• совун бўлагидан фойдалансангиз, совундонни ювиш ва қуритиш жуда муҳимдир.

Бу кун БМТ таъсислигида бутун дунё бўйича ушбу оддий, бироқ жуда муҳим гигиеник муолажа қатор касалликларни тарқалишини олдини олади. Шу мақсадда айтиб ўтилган касалликлар билан бирга дунёни ларзага солган коронавирус касаллигига ҳам қарши курашда қўлларни тоза сақлаш усули самаралироқдир. Халқимиз бежиз айтмаган: “Саломатлигининг – ўз қўлингда” деб.

“Соғлом авлод учун” хайрия фонди институт бўлими раҳбари Садуллаева Д.А. 

Share this post