Blog

ҚИРҚ ЙИЛ ҚИРОН КЕЛСА, АЖАЛИ ЕТГАН…

Инсон – бу собиту сайёрада мукаммал яратилган  мавжудот ҳисобланади. Унда тафаккур, ақл, тил, одоб ва шарм-ҳаё ҳамма, ҳаммаси ўз меъёрида берилган. Лекин негадир ҳамма замонларда ҳам одамлар жамоаси атрофида содир бўлаётган воқеаларга ҳушёр назар билан қарай олишмаган. Яъни, бугунги пандэмия шароитини олиб қарайдиган бўлсак, аҳоли ўртасида йўл қўйилаётган боқи-беғамлик, ўзи бўларчилик ҳолатлари бир қатор нохуш воқеаларга сабаб бўлмоқда.

Халқимиз, азалдан меҳмондўст, аҳил-иноқ халқ бўлган. Бугунги вақтинчалик эркинликни чеклаш вазияти одамлар руҳиятига таъсир қилибми тўрт ой деганда бутун дунё миқёсида карантиндан чарчаган халқ ўзича янгидан янги касалликни бартараф этиш услубларини топиб, оммага тарғиб қилишяпти, ёхуд янгидан янги танловлар, китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган маънавий тадбирлар, руҳий муолажа ва ҳоказо инсониятга нафи тегадиган амаллар намойиш этиляпти. Лекин шунинг билан бирга халқ орасида фирибгарлик, найранг ва қинғир ишлари билан танилишга ҳаракат қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Яқинда бир суҳбатни эшитиб қолдим: “Коронавирус туфайли ташкил этилган қўнғироқ марказига телефон қилишса, жавоб бермаётган эмиш, мана энди охирига етиб келдик шекилли?!” Таажжуб, шу гапларни айтиб турган опахон марказга мурожаат қилаётган миллионлаб одамлар нима саволлар билан мурожаат қилинаётганлигидан хабардормикан?! Эшитишимча, одамлар сал боши оғрисаям, буйраги санчиб қолсаям, юраги ҳаприқиб урсаям телефон қилавериб, опаларни ҳоли жонига қўйишмаганидан кейин жавоб бермасликлари табиий ҳол эмасми?!

Ёшлигимизда бизни ҳамжиҳатликка чорлайдиган ширингина анимацион фильм бўлар эди, менимча ҳамма буни яхши хотиралар қаторида эслайди. Мушук Леопольд ҳаммани “Келинглар! Ҳамжиҳатликда яшайлик!” дея қилган хитоби, аслида одамларга қаратилган хитобдир. Нега бизда ҳамжиҳатлик етишмайди, бир-биримизга дўстона танбеҳ беришни нега унутиб қўйганмиз?

Шундай синовли кунларда кўчада оч-наҳор юрган мушук боласи ёки итга раҳмингиз келиб, бирор егулик бергингиз келади, лекин ўзимизга қондош бўлмасада, Яратган Эгам инсон қилиб яратган мавжудотга ҳам раҳм назари билан қарашга жазм этинг. Шундай оғир кунларда сабр билан уйга ўтиришини илтимос қилиб, қўлига ҳеч бўлмаса битта ниқоб беришга ўзингизда журъат топинг.

Президентимиз саъй-ҳаракатлари ва ғамхўрликлари оқибатида беморлар ва уларнинг оилалари, шифокорлар, Миллий гвардия ходимларига кўрсатилаётган меҳрибончиликларининг чегараси йўқ, нега биз оддий фуқаролар ўзимизга шундан хулоса чиқара олмаймиз. Ҳеч бўлмаса, бировга яхшилик қила олмасакда, ўз оиламизни асрай олсак, жамиятни асраган бўламизми!?

Халқда “Қирқ йил қирон келса, ажали етган ўлади” деган нақл бекорга айтилмаган. Ўзини асраганни, Худо асрайди. Азизлар! Шундай синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлмасакда, бир-биримизга зарар етказмайдиган даражада масофа сақлаб, ўзимизни асрашни билайлик.

Зеро, ҳар бир инсон бир оиланинг вакили, оилалар жамиятнинг кичик бўғини, ана шу бўғинлар соғлом ва мустаҳкам экан Юртбошимиз хотиржам бўладилар, касаллик чекинар экан, яна мактаблар, олий таълим даргоҳлари гавжум бўлиб, ажойиб маърифат сабоқлари учун имконият очилади.

Биз ана шу довондан соғ-саломат ўтиб олсак бас, албатта кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Share this post