Blog

ҚАДРИМ, ҒУРУРИМ, ШАЪНИМ ОНА ТИЛИМ

Қуш қўш қаноти билан учгандай одамнинг қўшалоқ орзуси бўлади:  озод яшаш ва она тилида эркин сўзлаш. 

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тил – миллатнинг ўзлигидир. Тарихи бир неча минг йилларга бориб тақаладиган она тилимиз бошидан кўп синовларни, оғир кунларни ўтказди. Ўзбек фарзандлари ўз тилида гапиришдан маҳкум этилган кунлар ҳам бўлди. Аммо барчаси барҳам топиб, Она тилимиз ёруғликка юз тутди. Ширин сўз – жон озиғи! Дарҳақиқат, бир-биримизга меҳру муҳаббатимизни, чексиз ҳурматимизни, қадр-қимматимизни тил орқали баён қиламиз. Она тилимиз бизнинг бахту иқболимиз, шундай эмасми?

Ҳақиқат шуки, тил – миллатнинг  асосини белгиловчи воситадир. Халқ-нинг,  миллатнинг  ўзлигини намоён қилишда тилнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.   Ўзбек халқи асрлар давомида дунё цивилизациясига, умумбашарий қадриятлар ривожига  улкан  ҳисса кўшиб келмокда. Бунда она тилимизнинг хизмати беқиёс.

Тилнинг беқиёс имкониятларини қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва иборалари,  достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, Машраб, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Юсуфнинг асарлари она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.

Ўзбек азалдан болажон халқ. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг буюк аждодларимиз сингари оламга машҳур инсонлар бўлиб етишмоғини чин юракдан истаймиз. Уларнинг ёрқин келажаги йўлида ҳар қандай мушкулотларга кўксимизни тутамиз. Таъбир жоиз бўлса, биз ота-оналар ўз фарзандларимизга она тилимизда сўзлашишини пухта ўргатмоғимиз даркор. Бироқ бугунги кунда жондан азиз фарзандларимизнинг она тилимизга бўлган муносабати, ҳурмати, сўзларимиз сеҳрини ҳис қилмаган, ўзаро айтиб турган гапининг тенг ярмини эса бошқа тилдаги “олифта сўзлар” эгаллаган ёшларнинг ютуқлари бизнинг миллий равнақимизга улуш бўлиб қўшила олармикан?!

Маърифат фидоийси Абдулла Авлонийнинг “Ҳифзи лисон” мақоласида мана шундай ўтли сўзлар қайд этилган: “Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз… Ё-ҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқиб кетдук!”

Шу ўринда биз тўрт мисрали шеърни келтирмакни жоиз деб топдик:

Oнa тилим, кeчиp мeни, oнa тилим!

      Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

     Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

  Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

                                  Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

                                  Она тилим, кечир мени, она тилим.

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган нақл борки, бу сўзга нисбатан ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Шундай экан, ёзаётган сўзимизни, айтаётган гапимизни тўғри ифодалаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, келажак авлод нотўғри ёзишмаларимиздан, асоссиз сўзларимиздан “ибрат” олмаслиги учун бугундан тўғри ёзиш ва гапиришни ўрганайлик.

Зеро, она тилимиз Ўзбекистон Конституциясида давлат тилининг мақоми сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг ривожланиши учун кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мамлакатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун билан ҳимоя қилинадиган ватан тимсолларидан бирига айланди.

Ҳа, тил инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт бўлиши билан бирга буюк имконият ҳамдир. Унинг тараққиёти – мансуб халқ маънавиятининг, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланишининг ифодасидир. Зеро, маърифатпарвар аллома Исҳоқхон Ибрат айтганидек, “ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

 

Жисоний маданият кафедраси катта ўқитувчиси

Фаррух Нуритдинович Туркменов

Share this post