Blog

“Ўзбекистон бағрикенглик борасида намуна”

Бағрикенглик орқали турли миллат вакиллари орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса мамлакат тараққиёти, тинч-тотув ҳаётнинг муҳим асосидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”, деб марҳамат қилганлар.

Бугунги маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли миллатллар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.

Ҳозир мамлакатимизда 130 дан ортиқ турли миллат  вакиллари баҳамжиҳат, ўзаро аҳилликда тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Бобомиз Алишер Навоий ёзади:

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…

Байтда бутун инсоният миллату ирқ, дину мазҳаб каби тафовутлардан қатъи назар тинчликка, тотувликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чорлаган. Бу пурҳикмат сўзларга биз авлодлар ҳам амал қилмоғимиз керак.

Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси миллатга мансублигидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда,  юртимиз равнақи учун хизмат қилишмоқда. Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топади. Инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.

Ўзбекистон заминида қадим замондан  бошқа миллат вакиллари  ёнма-ён яшаб келишган.  Бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам намоёндир. Буюк саркарда Амир Темур ҳазратларининг қўшини таркибида бошқа миллатга мансуб бўлган аскарларнинг ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Миллатларароо бағрикенглик ғояси нафақат миллатларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода миллатлараро бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

    Бугунги кунда дунё аҳли ғоят таҳликали жараёнларни ўз бошидан ўтказмоқда. Машъум короновирус пандемияси жаҳон халқлари, шу билан бирга, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча инсонларни ташвишга солмоқда.Айтиш мумкинки, бу ҳаётий синов мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини янада жипслашиб, ҳаракат қилишга, эзгу амалларни кўпроқ қилишга ундамоқда. Бунга мисол қилиб Бухоро муҳандислик технология институтида таҳсил олаятган туркман талабалар ва Ўзбекистонимизнинг қўшма корхоналарида вақтинча фаолият олиб бораятган чет эллик фуқароларни        айтишимиз мумкин.

Инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш  миллий қадриятларимизга ҳамоҳангдир.

Бух МТИ Хорижий тиллар кафедраси

ўқитувчиси    Ф.Ф. Джалолов

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.