Blog

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришда олий таълимнинг ўрни

уни кеча президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида «2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Фуқароларда «рақамли иқтисодиёт» атамаси ҳақида кўплаб саволлар туғила бошлаши табиий: Рақамли иқтисодиёт нима? Унинг аҳамияти нимада? У қандай ривожлантирилади? ва ҳоказо.

Рақамли иқтисодиёт – бу рақамли технологияларни қўллашга асосланган иқтисодий, ижтимоий ва маданий муносабатларни амалга ошириш тизимидир, яъни рақамли иқтисодиёт = Иқтисодиёт + Ахборот коммуникация технологияларидир.   Ҳозирда ушбу йўналиш ижтимоий – иқтисодий ҳаётнинг аксарият соҳаларини қамраб олган. Рақамли иқтисодиёт – бу нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Масалан, ойликларимиз пластик карталарга тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул узатамиз, уйга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо.

Аммо, иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичи, биринчи навбатда, ижтимоий ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиш суръатлари, ахборот телекоммуникацион технологияларининг кенг жорий этилиши, бир қатор ўзига хос хусусиятлар билан тавсифланади. Бундан ташқари, жаҳон иқтисодиётининг глобаллашув жараёни, импорт ўрнини босиш механизмини жорий этиш рақамли иқтисодиётни янгилаш ва ривожлантириш жараёнига замонавий талаблар қўяди.

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш учун ижтимоий-иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида ишлаб чиқаришнинг асосий омилларидан рақамли шаклда фойдаланиш зарур. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали амалга оширилади ва мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга йўналтириб, мамлакатнинг рақобатбардошлигини, фуқароларнинг ҳаёт фаравонлигини оширишга, иқтисодий ўсишни ва миллий суверенитетни таъминлашга ёрдам беради.

Шу боис, Президентимиз томонидан “Рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш  келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиланди. “Юртимиз “Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жудаям орқадамиз. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат”.

Биринчи навбатда, албатта, интернет тармоғи билан қамраб олинган ҳудудлар кўламини кенгайтириш ва интернет тезлигини ошириш, мутахассис кадрлар билан таъминлаш талаб этилади ва бу муаммолар ечимини Президентимиз белгилаб бердилар, аммо, рақамли иқтисодиётнинг асосий хусусиятлари бўлган  юқори даражада автоматлаштирилганлик; электрон ҳужжат алмашинуви; бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви; маълумотлар электрон базалари; мижозлар билан ўзаро алоқа тизими; корпоратив тармоқларни ташкил этиш  бевосита корхона ва ташкилотлар томонидан амалга оширилиши зарур. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг ушбу олд шартларини амалга оширишда ҳамда аҳоли кенг қатламининг АКТ саводхонлигини оширишда олий таълимнинг олдида турган долзарб вазифалар ҳисобланади.

Иқтисодиётимизнинг ҳар бир иштирокчиси, айниқса, раҳбар ходимлар ва тадбиркорлар, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида қўйилган ҳар бир бир қадам жамиятимизга қатор қулайликлар ва имтиёзлар олиб келишини англаб олишлари керак.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор.

Турли тўловлар ва вақт тежалади (йўл харажатлари, хизматлар олиш), товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олиниши ички бозорда мижозларнинг кўпайишига олиб келади, рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари туғилади, истеъмолчи фикрини тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар сифати ўз вақтида яхшиланади ва ҳоказо, умуман, ҳамма жараён тезроқ, сифатлироқ, қулайроқ бўлади. Рақамли иқтисодиёт электрон ҳужжатлар айланмаси соҳасида янги йўналишлар очиб беради ва инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади, бу унинг асосий фойдасидир.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин.

Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир.

Рақамли иқтисодиёт коррупция ва «яширин иқтисодиёт»нинг асосий кушандасидир. Чунки, маълумотларнинг хилма-хиллиги, аммо тизимли электрон кўринишда жойлаштирилиши ҳамда онлайн ҳаммасини намоён этиб туриши, ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди, тизимни алдаш имконини бартараф этади. Бундай шароитларда маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, иш ўринларини ошириб ё яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса солиқларнинг ўз вақтида ва тўғри тўланишини, хорижий инвесторлар ишончининг ошишини, янги бозорлар забт этилишини ва пировард натижада, мамлакат рақобатбардошлигини оширишни таъминлайди.

Рақамли иқтисодиёт аввало барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг рақамли технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилишини талаб қилади. Рақамли технологияларни қўллашда энг биринчи навбатда, аввало, нақдсиз тўловлар технологияларини такомиллаштириш керак бўлади. Аслида, нақд пуллар 21-аср ахборот технологиялари асри учун эскирди. Дарҳақиқат, тан олиш керак нақд кўринишдаги хорижий валюталар кўп ҳолларда айнан ноқонуний фаолият юритувчи шахсларда, ўзининг қанча миқдорда маблағи борлигини расман ҳеч ким билмаслигини хоҳлайдиган коррупция вакилларида, контрабанда вакилларида, чайқовчи тадбиркорлар томонидан тез-тез фойдаланилади. Бугунги кунда Канада, Швеция ва Буюк Британия мамлакатлари мисолида нақдсиз тўловлар такомиллаштирилиши ва нақд пуллар муомаласининг максимал даражада камайтирилиши натижасида иқтисодиётда яширин иқтисодиётнинг ЯИМга нисбатан энг қуйи кўрсаткичларни қайд этаётганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу давлатларда валюта қора бозори деган тушунчанинг ўзи йўқ.

Биз иқтисодиётни соғлом ривожланиши учун, аввало, банклардаги нақдсиз хорижий валюта транзакциялари жараёнларига етарли даражада хавфсизлик ва интеграция талабларига жавоб берадиган технологияларни татбиқ қилиш лозим бўлади. Ахир бутун дунёда рақамли пуллар, электрон пуллар ва виртуал пуллар оммалашаётган бир пайтда нақд пуллар муомаласининг катта ҳажмда сақланиши рақамли иқтисодиёт учун  икки қадам орқага юриш саналади. Шунинг учун, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш мақсадида монетар, фискал ва ташқи иқтисодий сиёсатнинг бир йўналишда комплекс юритилишини ва самарали йўлга қўйилишини таъминлаш талаб этилади.

Жорий йилда “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак. Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим.

Бу вазифаларни амалга оширишда, жамиятимизнинг маънавият, маърифат ва илм-фан маскани бўлган олий таълим муассасалари олдига, катта масъулият юклатилади ва Президентимиз билан бир қаторда якдил ва аҳил бўлиб, фаол ҳаракат қилиш ҳар бир профессор-ўқитувчининг бурчидир. Бухоро муҳандислик – технология институтининг  қурилиш ва архитектура, энергетика, озиқ-овқат ва енгил саноат, транспорт, геология, нефт ва газ, таълим каби рақамлаштирилиши устувор этиб белгиланган соҳалар учун кадрлар тайёрлашини инобатга оладиган бўлсак, институт жамоаси олдида улкан марраларни эгаллаш вазифаси турибди. Биринчи навбатда, таълим жараёнида рақамли технологияларни қўллаш асосида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, педагогик маданиятни юксалтириш, педагог маънавий қиёфасини ўзгартириш, ишлаб чиқариш билан интеграцияни кучайтириш, илмий тадқиқотлар трансфери ва натижадорлигини ошириш  талаб этилса, кейинги навбатда,  ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг АКТ, маркетинг, бозорлар тадқиқоти, логистика, менежмент, лойиҳавий бошқарув, бошқарув ҳисоби соҳаларида малакаларини ошириш ва қайта тайёрлаш, аҳолининг АКТ саводхонлигини ошириш,   айниқса, хотин-қизларни тадбиркорликка ўргатиш ва янги касбларга тайёрлаш орқали бизнес муҳитини ривожлантириш вакзифаларидолзарб ҳисобланади.  Ушбу вазифаларни бажаришда институт жамоаси  етарли илмий ва педагогик салоҳиятга эга бўлиб, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ўз ўрнига эга деб ҳисоблаймиз.

“Барча амаллар ниятга қараб бўлади”. Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишларимиз албатта ижобат бўлади.

 

Нусратилла Баракаев

Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.