Blog

Ўзбекистонда яна карантин қоидалари кучайтирилди

Р. А. Хаитов – БухМТИ ёшлар билан ишлаш бўйича проректори

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 16 мартидан 8 майига қадар мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда Республика махсус комиссиясининг қарори билан қатъий карантин чекловлари эълон қилинган эди. Бу давр ичида касаллик тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш бўйича  қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Янги касалланиш билан боғлиқ ҳолатларнинг кунлик ўсиш суръати 137 тадан 14 тагача пасайди ва албатта уларнинг аксарияти Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган эди. Ушбу муддат ичида давлат транспорт-коммуникация тизими корхоналари, буюм бозорлари ва шунингдек бир қанча давлат ва хусусий сектор корхоналари вақтинча ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Барча таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари масофадан туриб амалга оширилди. Аммо мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш, карантин муносабати билан ишсиз қолган аҳолини иш билан таъминлаш ва иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида   Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра карантин қоидалари қисман юмшатилиб, Давлат ва хусусий сектор ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият қайта йўлга қўйилди. Аммо Ўзбекистондаги вазият хронологиясига эътибор қаратадиган бўлсак, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилмаслик, юқумли касаллик таъсирига нописандлик билан қараш натижасида 16 июндан бошлаб 10 июлга қадар янги касалланиш билан боғлиқ ҳолатларнинг кунлик ўсиш суръати 146 тадан 472 тагача бориб етди. Энг ачинарлиси шундан иборатки, Республикамизнинг барча вилоятларида коронавирус билан касалланишнинг кўплаб ҳолатлари аҳоли орасида қайд этила бошлади.

Июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2167 нафарга кўпайган, шундан 1267 та (58 фоиз) ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, ҳозирги кунда беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда ва бу ҳолат барчамизни жиддий ташвишга солаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 8 июль санасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги “мураккаб синов ва оғир курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ”лиги таъкидланди. Лекин афсуслар бўлсинким, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кўпайганлиги қайд қилинди.

Юзага келган жиддий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Республика махсус комиссиясига коронавирус пандемиясини жиловлаш бўйича барча чораларни кўриш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан эътиборан республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича бир нечта банддан иборат тартиб жорий этилди. Ушбу тартибни амалиётга жорий этилиши бўйича келтирилган маълумотлар тафсилоти Республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:

  • сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;
  • маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;
  • 65 ёшдан ошган шахсларга «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Албатта юқоридаги тадбирларни ўтказишдан кўзланган олий мақсад авваламбор  инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва қолаверса коронавирус касаллигининг аҳоли кенг қатламлари орасида тарқалиб кетишининг олдини олишдан иборат. Жараённи жиловлаб туриш жуда оғир кечмоқда. Президентимиз томонидан олиб борилааётган оқилона бошқарув сиёсатини қўллаб-қувватлаш; имкон қадар корхонада, уйда ва кўчада карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш; халқимиз орасида бу касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш чораларини  кўриш ва албатта бу билан миллат келажаги ва юрт тақдирига дахлдор эканлигимизни кўрсата билиш бугунги кунда ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир!

 

 

Share this post