Blog

Энди… “Мажбурий меҳнат” сабаб одамийликка ҳам барҳам берамизми?

@sizdantelegram БУХОРО – “Муҳандислик институти ўқитувчи ва талабалари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда” мақолага Буҳоро муҳандислик – технология институтининг муносабати

Энди… “Мажбурий меҳнат” сабаб одамийликка ҳам барҳам берамизми?

        Ҳар бир инсон уйдан остона ҳатлаб кўча чиқар экан, ҳайдовчи, йўловчи ва пиёда сифатида ўз олдига қўйган бир кунлик иш режаларини бажаришга ошиқади. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, харакатланиш давомида бехосдан йўлнинг нариги бетида турган кекса онахон ёки кўзи ожиз инсонни кўриб бир зумга барча режаларни унутиб ёрдамга ошиқади. Буни йўл қатновида турган инсонлар кўриб, одамгарчилик, ватанпарварлик ва жонкуярлик тушунчалари билан изоҳ беришади. Лекин мажбурий меҳнат дейишмайди. Чунки бу савоб ишни ўз истаги билан бажаргани маълум бўлади. Келинг энди иккинчи бир изоҳга ўта қолайлик, @sizdantelegram канали орқали  БУХОРО – “Муҳандислик институти ўқитувчи ва талабалари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда” мавзуида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган  материал берилди. Биз сизнинг танқидий руҳдаги мақолангизга шуни изоҳ сифатида қиритишингизни истардик.

Ўйлаб кўрайлик, икки ёки ундан ортиқ талаба “Келинглар институт атрофидаги қурувчилар ҳолидан хабар оламиз. Одамгарчилик юзасидан уларга ҳорманг биродарлар деб суҳбатлашамиз”- деган фикрда уларнинг олдига келишган.  Бу ҳолатни бошқа бир  фуқоро уяли телефон орқали расмга тушириб сизнинг телеграм каналингизга йўллаган деган фикрдамиз.

Яна бир мулоҳаза.  Ахир бизнинг вазифамиз билимли, меҳнатсевар, зукко, ватанпарвар ёшларни тарбиялашдан иборат эмасми? Эртага биз тарбиялаб таълим берган йигитларимиз танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиши билан бир қаторда авваламбор оила сардори, қизларимиз эса рўзғорнинг саришта – саранжом бекаси бўлиши керак эмасми? Нима энди уйимизга бир туп дарахт экиш учун ёки ҳовли супани супуриб озода сақлаш учун ёлланма ишчи ёки хизматкор чақирамизми? Қачон фарзандларимизга меҳнатсеварлик,  ватанпарварлик  руҳиятини сингдирамиз. Бугунги кунда ”мажбурий меҳнат” сабаб фуқароларимиз бир-бирига ёрдам бермаса, меҳр-муҳаббат улашмаса одамийлигимиз қайда қолади.

Яна бир аниқ маълумотларга таяниб фикримизни давом эттирамиз.

Институтда 6500 нафар талабалар ва 878 нафар педагог ва ишчи ходимлар фаолият юритмоқда. 2019 йил  июл ойида вилоят  ҳокими Ў.Барноев институтга ташриф буюриб,  ҳудуд  инфратузилмасини замон талабларига мос қайта таъмирлаш, ўқув биноларининг фасад қисмларини ўзгартириш ва ободонлаштириш ишларини янги ўқув йилигача якунлаш мақсадида вилоят ҳокимлик маблағлари ҳисобидан қурилиш ташкилотларига  кўрсатма ва топшириқлар  берган эди. Ҳақиқатдан ҳам, июл-август ойларида барча ўқув бинолари ва талабалар турар жойлари, институт ҳудудидаги майдонларда  қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди. 10 га яқин қурилиш ташкилотлари ушбу жараёнда иштирок этдилар. Барча қурилиш ишлари 15 сентябрь ҳолатида тугатилди.  Ижтимоий тармоқда чиққан расмларда акс эттирилган  институт ҳовлисидаги фаввора  қурилиши  15 сентябда тугатилиб, объект топширилган. Расмларни ўрганиш  натижасида, уларда  кўрсатилган  ишчилар  “Нефт газ саноат инвест” фирмасига тегишчи ёлланма ишчилар эканлиги аниқланди. (Фирма раҳбари  Жаҳонгир Авлиёқулов,  телефон рақами 99891 400- 10- 10.)

Институт раҳбарияти ва касаба уюшма ташкилоти томонидан барча факультетлар профессор – ўқитувчилари, бўлим ходимлари ҳамда талаба – ёшлар орасида  мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатлари тўғрисидаги  тарғибот- ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Институт  касаба уюшмаси қўмитаси,  ўқув-услубий бошқарма,  мониторинг ва ички назорат бўлими ходимлари талабаларнинг дарсларга иштироки ва давоматини  қатъий назоратга олганлар.

Сўзимиз якунида шуни таъкидламоқчимизки, бу даргоҳда таълим тарбия олиб устоз-шогирд анъаналари асосида ҳар йили ўз соҳасининг мутахассислари давомий тарзда етишиб чиқаверади. Аммо ушбу хайрли ишларимизнинг амалга оширилишида хайрихоҳ бўлиш ўрнига  фаолиятимизга ҳалақит бериб, фақат тирноқ остидан кир қидириб, одамлардан яхши дуолар олиш ўрнига уларнинг нафрат ва қарғинчига дучор бўлаётган кимсалар бу қилмишларининг ҳажри борлиги ва у албатта агар насиб қилган бўлса, фарзанларидан ёки фарзанларига қайтиши муқаррарлигини бир таналарига ўйлаб кўрсалар яхши бўлар эди.

 

 

 

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *