Blog

Шукр ва сабр –иззат ва шараф гарови

Сабр – бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Албатта, Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман –  нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади: “Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир”. Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни – шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!” .
Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифда “Сабр зиё демакдир” дедилар.
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўрқув-саросима исканжасида қолади. Мусибатлар қаршисида эсанкираб ўзини йўқотиб қўювчилар ҳаётда мағлуб бўладилар. Улар ғалаба сари йўл очишга уринмайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибат-кулфатсиз ўтмайди. Шу боис, нажот калити бўлмиш сабр билан қуролланиб, музаффарият сари одимламоқ, заифлик ва умидсизлик чангалига тушиб қолмаслик мақсадга мувофиқ ишдир. Ояти каримада “Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва экин-тикинга нуқсон етказиш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирон мусибат келганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Дарҳақиқат, ана ўшалар иззат ва шараф йўлини тутган инсонлардир. Айниқса мусибатнинг илк лаҳзасида ўзларини мардона тутувчи зотлар амали таҳсинга лойиқдир.
Собир бандалар оғир ҳолатлардан матонат билан чиқиб кетадилар. Улар бошларига тушган кулфатни ҳам дунёю охиратлари учун хайрли натижага айлантиришга уринадилар. Шу боис, уларнинг кулфат ҳолати билан саодат онлари бир-биридан у қадар кескин фарқланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” дейдилар.
Сиз турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар экансиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрасиз. Агар ҳар бир озор-азият сизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз бутун ҳаётингиз азобга айланади. Шу боис, имкон қадар биродарингизнинг хато-камчиликлари, билиб-билмай қилиб қўядиган зулм-озорларини кўтаришга ва кечириб юборишга ҳаракат қилинг. Шунда меҳр-муҳаббатга тўлиқ, саодатли ҳаёт кечирасиз. “Ёмонликни энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! Шунда, баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур”. Албатта бировлар озорини кўтариш, уларни кечиб юбориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. “ Бу фақат Аллоҳ таолодан мадад тиловчи чинакам мўминларгина қодир бўлган оғир вазифадир. “Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз барчани кўриб турувчи бўлган Зотдир”.

— Хотиржамлик, қониқиш-розилик, саодат ҳиссини туйиш, азизу мукаррамлик, Аллоҳ нусрати ҳамда муҳаббатига сазовор бўлмоқ сабрнинг самараларидир. Қуръон сабрли кишиларда уч хислат борлигини, бу хислатлар улардан бошқаларда бўлмаслигини айтади:
Биринчиси – уларга Аллоҳнинг мағфирати бўлишлигидир. Бу улар учун мақтов бўлиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шарафдир.
Иккинчиси – Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, бу етган мусибатнинг ўзи ҳам Аллоҳнинг лутфи ва эҳсонидан эканлигини билдиради.
Учинчиси – улар ҳидоятда юрган кишилар эканлиги, яъни ҳақ ва тўғри йўлда эканликлари мусибат чоғида киши ўзини қандай тутиши керак бўлса, шундай тутганликлари, уларга хафагарчилик ва дарду ҳасрат ўз ҳуснини ўтказа олмайди, мусибат қалбларидаги орзу-умид оловини сўндира олмайди. У хафа қалбларга тасаллидир, у ҳаётда муваффаққиятга ундовчи бир омилдир.

— «Сабр қилинглар, чунки сабр этиш — иймондан. Худди бош жасадда бўлганидек, сабр ҳам иймонда бўлади» деган эканлар Али ибн Абу Толиб (рз.). Сабрнинг ҳикматлари нималарда намоён бўлади?
—Ўзбек шеърият мулкининг султони Алишер Навоий сабр-қаноат тўғрисида шундай деганлар: “Кимки сабр-қаноатни ўзига касб қилиб олган бўлса, билки, бу уни бой қилади. Олтин, кумуш билан зебу зийнатларни бойлик деб билма, балки ҳақиқий бойлик сабр-қаноат олтинларидир. Қаноат олтини ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга ҳаракат қил… Қаноат қилганнинг жойи иззат тахтидадир”.
Сабрнинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган” деган ҳадисларидан билиб оламиз. Сабр-қаноатли киши ҳаётнинг аччиқ чучугига бардош беради. Садоқат билан оила тутади. Фарзандларини ақлли, ахлоқ-одобли қилиб тарбиялайди. Сабрли кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат мавжуд бўлади. У ўз кучи билан кун кечиради, топганига қаноат қилиб яшайди. Ҳалол меҳнат қилиб, ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайди.
Улуғларимиз “ғалаба сабр билан биргадир” дейишади. Сабр ғалаба сари етаклайди. Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Имоннинг афзали- сабр ва бағри кенгликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч хил нарсага қасамёд қиладилар: 1. Садақа қилган билан банданинг моли камайиб қолмайди. 2. Қайси бир бандага зулм билан унинг молига хиёнат қилинса-ю, у унга сабр айласа, албатта Аллоҳи Таоло унинг иззат ва шарафини зиёда этади. 3. Қайси бир банда тиламчилик эшигини очиб қўйса, Аллоҳи Таоло унга фақирлик эшигини очиб қўяди.
Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг собир бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айландилар. Шукр ва фикр қилиш сабр-қаноатнинг чироғи бўлиб,    ҳалқимизда     “Сабр таги сариқ олтин”    деган мақол бежизга айтилмаган.
Инсон бу дунёда яшар экан, икки ҳолатнинг бирида бўлиши тақозо қилинади. Неъматлар ва хотиржамлик ичида бўлганда, шукр қилади, ёки мусибат ва қийинчиликлар вақтида сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби қарам бўлиб эмас, ўзига ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатли бўлиш, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлайди. Бу хислатлар инсонни эзгуликка, эзгулик эса комилликка етаклайди. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади.
Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чегаралай олади. Шу боис, ҳадиси шарифда сабр имоннинг ярмидир, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Агар ҳар бир киши қилаётган ишида сабр ва шукрни дастур қилса, албатта, муваффаққиятга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур” дейилади. Инсон ҳар бир ишни сабр билан олиб борса, борига шукр, йўғига қаноат қилса мақсадига эришади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради. Инсонийлик қадрини сақлаш билан бирга, турли ноинсоний йўлларга кириб кетмайди. Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак.  Шунинг учун  шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб,  бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади.

БМТИ “Хорижий тиллар” кафедраси ўқитувчиси Н.О. Абдуллаева

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.