Blog

Ширинтой болажонларга совғалар улашилди.

Эртамизнинг келажаги бўлмиш мурғак қалб эгаларига меҳр кўрсатиш, уларга доимо эътибор қаратиш олийжаноб халқимизнинг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили анъанавий тарзда янги йил арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида минглаб болажонларга “Президент совғаси” тортиқ қилинади.

Айни шу сабабдан, анъанага содиқ қолган ҳолда якунланаётган йилда ҳам Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратилло Баракаев, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Юнус Шукуруллаев ҳамда Вобкент тумани ҳокими Баҳодур Бафоев, Вобкент туман халқ талими бўлими мудири Шерзод Ҳусенов, Вобкент тумани прокурори Ботир Султоновлар иштирокида ватан сарҳадларини қўриқлаб, юртимиз ва халқимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мурғак қалб эгалари учун байрам совғалари ҳамда бежирим қишги кийимлар улашилиб, болажонларнинг қизиқишлари ҳақида самимий суҳбат қурилди.

– Янги йил байрамида ҳар йили янги шеърларни ёд олиб, кириб келаётган йилни ўзгача кайфият билан кутиб олишга ҳаракат қиламан, – дейди ширинтой болажон Акбаршоҳ. – Бу галги интизорлигим бесамар кетмади. Бизни Вобкент тумани прокуратураси биносига таклиф этишиб, совғалар улашилгани мазкур байрам завқини янада оширди. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнун бўлдик. Бунинг учун эса, авваламбор, давлатимиз раҳбарига, сўнгра тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, болажонларга кўтаринки кайфият бахш этган янги йил тадбири уларнинг қалбида узоқ вақт сақланиб қолиб, пухта таълим-тарбия олишлари учун муносиб рағбатлантиришга ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

Бухоро муҳандислик-технология институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси Элбекова Эъзоза

Share this post