Blog

Фойдали карантин: COVID-19 пандемияси даврида олий таълим тизими.

Жаҳон экспертлари пандемия туфайли жорий қилинган қатъий карантин қоидалари таълим, жумладан олий таълим учун янги имкониятлар яратганини эътироф этишмоқда. Коронавирус пандемияси кўп соҳаларда инсонлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириши мумкин. Ҳатто консерватив соҳа ҳисобланадиган таълим тизимини ҳам янги шароитларга тезкор мослашишга ва ўзгача тартиб-қоидалар бўйича иш олиб боришга мажбур қилди.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), ҳамда Жаҳон банки ушбу пандемияни ўрта, махсус ва олий таълимнинг форс-мажор вазиятларга тайёргарлигини текширувдан ўтказаётган ҳолат деб баҳолашмоқда. Бунинг сабаби, жаҳондаги барча таълим муассасалари янги форматга ўтиб, оммавий тарзда масофали ўқитиш тажрибасини қўллашга мажбур бўлишди. Ўз ўрнида, бу қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Биринчидан, интернет технологияларидан фойдаланиш учун ўқитувчи ва талабаларда рақамли саводхонликнинг етарли эмаслиги, иккинчидан, интернет тезлигининг пастлиги, учинчидан эса, баъзи мамлакатларда интернетга уланиш имкониятининг камлиги ёки аҳолининг аксарият қисми учун деярли йўқлиги ва тўртинчидан, аксарият таълим олувчиларда масофавий ўқиш учун техник воситаларнинг (компьютер, ноутбук, гаджетларнинг) мавжуд эмаслиги. Шубҳасиз, бундай ҳолат таълим сифатига салбий таъсир этмасдан қолмади, техник носозликлар ва бошқа омиллар ўқув жараёнида узилишларга олиб келди. Умуман олганда, Ўзбекистонда аксарият университет ва институтлар дарсларни масофавий шаклда ўтказишга қисман тайёр эди. Олий таълим муассасалари платформаларида Moodle тизими шакллантирилиб, унга барча ўқув предметлари бўйича электрон ресурслар жойлаштирилган эди. Аммо, мазкур тизим бундан бир неча йил аввал жорий қилинган бўлишига қарамай, унда ишлаш амалда суст эди, шу боис, мамлакатимиз тарихида биринчи марта фавқулодда ташкил этилаётган масофавий таълимни жорий қилишда ўзига яраша муаммолар ва қийинчиликларга дуч келиш табиий эди. Очиғини айтганда, биз бунга ҳали тайёр эмасдик. Албатта, ўқитувчилар ҳар йили АКТ бўйича малака ошириш курсларини ўтишади, бироқ масофада ишлаш амалиёти кўпчиликда шаклланмаганди, баъзи ўқитувчилар бундан истисно албатта. Шунинг учун, қисқа муддатда янги шароитга мослашишга тўғри келди. Дарҳақиқат, Zoom интернет платформасида ишлаш мисли кўрилмаган имкониятларни берди. Нафақат ўқитувчи, балки талабалар ҳам янги кўникмаларга эга бўлди.

Масофавий ва онлайн таълимни ташкил этишда ўқитувчи ва талабалар бир қатор муаммоларга дуч келишди, жумладан:

  • интернет тезлигининг нафақат ҳудудларда, балки вилоятлар марказида ҳам пастлиги, марказдан узоқ жойларда интернетга уланиш имкониятининг деярли йўқлиги;
  • талабаларда техник воситаларнинг етишмаслиги, аксарият ҳолларда оилада битта гаджет бўлиб, ундан фойдаланиш учун навбатга туришга тўғри келди.

               Шу билан бирга ютуқлар ҳақида гапирсак: бу борада эришилган ютуқлар шундан иборатки, ёшидан қатъий назар барча профессор-ўқитувчиларда таълим платформалари билан ишлаш, масофавий таълим ва уни олиб бориш соҳасидаги билим ва кўникмалари шаклланди ёки ривожланди. Келажакда масофавий таълимни янада ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар эса таҳлил этиб борилмоқда. Масофавий таълим айни пайтда келажак учун эксперимент вазифасини ўтамоқда, десак адашмаймиз. Масофавий таълимнинг ютуқларидан бири, фикримча, талабалар билан мулоқотнинг хилма хиллигидир. Бунда талаба айтмоқчи бўлган жавобини матн, аудио ёки видео шаклларда баён этиш имконига эга бўлади. Бу эса аудитория шароитида омма олдида ўз фикрини овоз орқали баён эта олмайдиган ёки бундан тортинадиган талабалар учун қулай шаклидир. Масофавий таълим орқали таълим берувчи ва таълим олувчилар университетга бориш ва келиш учун сарфланадиган вақтлари тежалади. Тежалган вақт ҳисобига бошқа манбалардан янги билимларни ўзлаштириш имконияти вужудга келади.

Таълим соҳаси мутахассисларининг ҳисоб-китоби бўйича, эндиликда олийгоҳларнинг кўпчилиги одатдаги ўқитиш шаклига қайтишни хоҳлашмайди. Талабаларни ҳам анъанавий (классик) маъруза ва семинар дарслар билан қизиқтириш мушкул бўлиб қолади. Қизиқиш бўлмаса билим олишга мотивация ҳам йўқолади. Ҳозирги талабалар керакли маълумотларни интернетдаги очиқ манбалардан ҳеч қандай тўсиқларсиз олиш имконига эга, бинобарин, эндиликда ўқитувчи вазифасига нафақат билим бериш, балки кўникмаларни ривожлантириш ва тажриба алмашиш киради. Демак, ўқув жараёнининг назарий қисмини тўлиқ бўлмасада, қисман (таълим йўналишларининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда) онлайн форматга ўтказса бўлади. Бироқ, таълим олувчиларнинг ўз билим ва кўникмаларини амалда намоён қилиши ва ривожлантириши учун талаба ва ўқитувчи ўртасида ўрнатилган доимий алоқа ҳисобига, оффлайн таълимнинг имкониятлари чексиздир. Шу боис, онлайн ва оффлайн таълимни биргаликда олиб бориш таълим сифати ва самарадорлигини таъминлайдиган энг мақбул йўлдир.

Бухоро МТИ

“Хорижий тиллар” кафедраси

катта ўқитувчилари

Саломова М.З., Шойимқулова М.Ш.

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.