Уруш фахрийлари шарафланди

Back to Posts
Posted by: Farrux To'raqulov Category: Yangiliklar Post Date: 05/11/2019

Бухоро вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган ота-боболаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тадбирлари давом этмоқда. Бухоро муҳандислик-технология институти раҳбарияти ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этишмоқда.
-1941 йил август ойида урушга жўнадим,-дейди С.Раҳимов кўчаси 22-уйда истиқомат қилаётган 104 ёшли Убайд ота Зубайдов. -Дастлаб Смолянская остонасида кечган даҳшатли қирғинбарот жангларда қатнашдим. Курскда душман аскарлари билан олишувда ўнг оёғимдан қаттиқ яраландим. Шунда ҳам ортга чекинмадим. Австриядаги қонли тўқнашувга сабот билан кирдим. Номинг ўчгур уруш тугаганда Венада эдим. 1947 йилда она юртимга қайтдим. Нафақага чиққунимга қадар йўл қурилиши соҳасида меҳнат қилдим. Раҳматли турмуш ўртоғим Саида билан тўрт ўғил, уч қизни вояга етказдик. Ҳозир бир этак невараю эваралар қуршовидаман. Айниқса, бугун кўнглим тоғдек юксалди.  Шундай дориломон кунларга етказганига шукр.  Биз, кексалар ва уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.
Шу куни Убайд отанинг хонадонига ташриф буюрган вилоят ҳокими Ў.Барноев уни байрам билан қутлади. Президентимизнинг унинг номига  йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.  Давлатимиз раҳбари номидан пул мукофотлари ва совға-саломларни топширди.
Убайд отанинг хонадони байрам баҳонасида вилоят фаоллари, жамоатчилик вакиллари, фарзанду неваралар, қўни-қўшнилар билан гавжум бўлди. Отахон осойишта кунлар шукронасини тилаб, дуога қўл очди. Бухоро шаҳар маданият уйи, ҳарбий оркестр, фаол ёшлар томонидан тайёрланган байрам дастуридан кўнгиллар яйради.
– Инсон хотирасига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг эзгу ишларини қадрлаш катта тарбиявий аҳамиятга эга, – деди Нусратилло Баракаев Мирдўстим кўчаси 95-уйда яшовчи Ҳабиб Валиев хонадонида кечган суҳбатда. – Аждодларимизнинг фидойилиги навқирон авлод учун ўзига хос ибрат мактабидир. Энг асосийси, мамлакатимизда тинчлик ҳамда осойишталик баробарида инсон хотираси ва қадрининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ҳамда муносиб ибратдир.

Back to Posts