Blog

ТИЛ –МИЛЛАТНИНГ ҒУРУРИ

Беланчагинг узра Қошғарий
Куйлаб ўтди қадим навони
Ва навқирон япроғларингга
Дил қонини берди Навойи.
Хуршид Даврон


Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади. Ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли. Шўролар даврида рус тили Иттифоқ тили сифатида ривожлантирилган эди. У жаҳон тиллари даражасига кўтарилди. Айниқса, кўп минг асрлик тарихга эга бўлган туркий халқлар ҳам ўз она тиллари дунёдаги ҳеч бир халқнинг тилидан кам эмаслигини ёқлаб чиқдилар. Бу йўлдаги сунъий тўсиқларни писанд этмадилар. Мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

              Давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошланди. Бу халқимиз руҳини кўтарди. Шўролар даврида ҳам ўзбек тилини тиклашга, уни Давлат тилига айлантиришга интилиш кучли бўлган. Хусусан, она тилига бағишланган турли тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилинган бундай тадбирлар айниқса, мустақиллик арафасида тез-тез ўтказила бошланди. 1988 йил матбуотда янги байрам-«Тил байрами» ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлаган. Бундай байрам Россия Федерасияси, Украина, Болтиқ бўйи ва Кавказ орти республикаларида ва мамлакатимиз пойтахтида ҳам ўтказилгани ҳақида газеталарда мақолалар босилган эди. Бу байрамларнинг асосий мақсади — она тилини эъзозлаш, она тили билан бирга бошқа тилларни ҳам чуқурроқ ўрганишга даъват қилиш бўлган эди. Ўзбекистонда илк бор «Тил байрами» 1988 йил 3 декабрда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида ТошДУнинг ўзбек филологияси, тарих факулътети, шунингдек, политехника институти ва бошқа ўқув юрти талабалари томонидан ўтказилган. «21 октабрни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаб келмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1996 йил 10 центабрдаги 311-қарорига биноан «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кундан эътиборан ҳар йили «Ўзбек тили куни»ни ўтказиш, унинг 0.4. бандида 21 октабр барча ўқув юртларида ҳар йили – ўзбек тили куни сифатида нишонланиши таъкидлаб ўтилган. Шулар асосида 21 октабр – миллий тилимиз байрами сифатида расмий тарзда нишонланиб келинмоқда. Ҳар бир йилдаги байрам турли шиорлар остида ўтказилади. «Она тилим-жону дилим», «Тилга эътибор-элга эътибор», «Тил – миллат кўзгуси» шулар жумласидандир.
Бизнинг институтимизда ҳам тил байрамини ўтказиш бўйича яхши тажриба тўпланган. Тил байрамининг мазмунли ва қизиқарли ўтиши ҳар бир ўқув юрти муаллимларининг ақл-заковати, ўз касбини қанчалик чуқур эгаллаганлигига боғлиқ. Ҳар йили “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ташкилотчилигида ўтказиладиган тил байрамига таниқли ёзувчи, шоирлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар таклиф этилади. Улар ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлигини уқтириб ўтади. Тил байрами инсонни она тилига ва ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами шунингдек халқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омилдир. Хуллас, тил байрамининг имкониятлари битмас-туганмасдир.

Бухоро муҳандислик-технология институти
“Енгил саноат технологиялари” кафедраси дотсенти Х.Х. Саидова,
300-18 гуруҳ талабаси У.Ш.Тошев

Share this post