Blog

ТИЛ БИЛАН – МИЛЛАТ БАРҲАЁТДИР!

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Дарҳақиқат тилнинг йўқолиб кетиши миллатнинг таназзулга учраши демакдир. Элимизга бўлган ҳурмат тилимизга бўлган эътибордан бошланади. Ўзбек тили буюк ўзбек миллатининг маънавий ва маърифий бойлиги бўлиб, у халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир.

Буларнинг яққол ва ёрқин намунаси сифатида жорий йилнинг 23 сентябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлади.  Тилимизни халқаро миқёсда тан олиниши ва ҳурмат қилиниши тинчлигимизнинг бирдан бир кафолатидир. Президентимиз таъкидлаганидек, биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирга қадар эълонларда, чоп этилган ўқув-услубий мажмуаларда, илмий мақолаларда, адабиётлар ҳамда рисолаларда анчагина қўпол хатоликларни кузатамиз. Шу билан бир қаторда ўзимизнинг сафимизда илм зиёсини таратиб юрган ўқитувчилар ва талабаларнинг бир-бири билан мулоқотида ажнабий сўзларни қўшиб гапириши кундалик одатга айланганлигини кўриб эшитиб юрибмиз. Биз ўқитувчи-мураббийлар илм зиёсидан уларни баҳраманд этган ҳолда, уларни эгаллаган билимларини баҳолаш жараёнида айнан талабаларнинг нутқи ва соф ўзбек тилида сўзлашувига ҳам эътиборимизни қаратсак нур устига аъло нур бўларди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Бешта муҳим ташаббуснинг энг зарурий мезони бўлмиш тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Модомики китоб билан инсон тафаккури шаклланади, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу-тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватанимиз ва халқимизга, тилимизга ва динимизга муҳаббат, садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамияти муҳим ҳисобланади.  “Мен ўз тилимни севаман ва ардоқлайман, ўзбек тили мени фахрим” деб айтилган чиройли сўзлар шунчаки тилда қолиб кетмаслиги, балки уни амалда тадбиқ этиш ҳар бир “мен ўзбекман” деган миллат эгасининг бирламчи асл мақсадига айланиши зарур.

Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга ҳурмат, эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қонун-қоидасига айлантиришимиз зарур.

Тил ҳар бир миллат ва элатнинг маърифати, маънавияти ҳамда маданиятининг асл ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши ва ардоқланиши шу муқаддас заминда яшаб турган халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, юртбошимиздек она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни унутмайлик азиз касбдошлар зеро тил билан – миллат барҳаётдир!

                                Она тилим, омон бўл мангу,

 Сен борсан-ки мен ҳам ўлмайман,

                                Тилдан қолсам, сени Ойбекдай

Мен кўзларим билан сўйлайман.

                                                                                              Хуршид Даврон

Л.П.Узоқова, И.М. Рахмонов

 “Чарм буюмлари технологияси ва дизайни” кафедраси доцентлари

Share this post