Blog

ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР

Тил – инсон, умуман инсоният улуғ тафаккурининг маҳсули, инсон маънавияти макураси, маданиятининг ўқ илдизи, агар инсон уни яратмаганда, билмадим,  унинг бугунги тараққиёт даражаси ҳам бу қадар юксак бўлмасмиди!

Ҳазрат Мир Алишер Навоий тил деган иборани камроқ ишлатиб, тилни сўз деганлар. Бу улуғ зотга қулоқ тутинг:

Сўз  била куфр аҳли мусулмон бўлиб,

Сўз била ҳайвон деган инсон бўлиб ёки

Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин,

Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин

Назаримда сўз кучи, қудрати, моҳияти, жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида бундан-да ортиқ баҳо бериб бўлмас.

Тил ҳар бир халқ, миллат ва элатнинг маънавий қиёфаси, давла ва давлатчиликнинг рамзи, инсониянинг рамзи, инсониятнинг алоқа воситаси, инсон бир-бири билан шу восита орқали дили ва онгидаги ўй-ҳаёлларини, мақсади ва орзу истакларини ифода этади, рўйобга чиқаради. Агар  инсонга сув ва ҳаво қанчалик керак бўлса, тил ҳам худди ўшундай зарурий аҳамият касб этади.

Тил ижтимоий ҳодиса, бу восита орқали нафақат одам, балки давлатлар ҳам ўзаро алоқада бўлади, давлатлар орасида халқаро муносабатлар воситаси, бу восита орқали оламий аҳамиятга эга бўлган жумбоқлар ечилади масалалар ҳал қилинади.

Буюк миллат, катта миллат, Ўрта миллат ва кичик миллатлар бўлгани сингари, тиллар ҳам унда сўзлашувчи халқлар сонига қараб буюк тил, йирик тил, ўрта тил ва кичик тиллар бўлади.

Бугун бизнинг жонажон ватанимиз, она юртимизда кўп миллатлар ва халқлар яшайди, улар ўз она тилларида бемалол сўзлашадилар ва ўз она тилларининг шарафини ҳимоя қилиб уни истиқболи учун курашадилар. Биз уларга офарин деймиз.

Она – Ўзбекистонимизда давлат тили – Ўзбек тили, бу тилда ҳам дунёда ўттиз миллиондан ортиқ аҳоли мулоқот қилади. Ўзбекистон – ўзбек тилининг софлиги, муқаддаслиги унинг равнақи учун муқаддас замин. Ўзбек тили аввало, Ўзбекистонда ривожланади, бу тилда илмий тадқиқотлар олиб борилади, шоирларишеър ёзади, ёзувчилари йирик асарлар яратади, кашфиётлар қилинади. Бу тилнинг илмий – амалий назарияси ишлаб чиқилган, ҳозирги замон ўзбек тили бой ва поёнсиз. Дунёдаги барча тилларнинг бирортасидан заррача бўлса-да, кам эмас. Бу тил гўзал, нафис, мусиқий тил, ширин тил, асал тил, бу тил-кулги ва шодлик тили.

Қисқаси, шу тилни мақташу ардоқлашга баъзан кучимиз етмайди, бизнинг лексиконимиздаги сўзлар камдек, гўё. Шундай экан, нега биз тилимиздаги сўзларни бузиб ишлатамиз?! Масалан тушум келишиги қўшимчалари Кимни? Нимани? Биз айтамиз: кимди, нимади, ўтти чоп, чироқти ўчир, уйди тўрида ва ҳоказо. Кўп ҳолларда ўрин-пайт  ва жўналиш келишиги қўшимчалари (да, га)ни алмаштириб ишлатамиз. Баъзан мантиқан хато сўзлаймиз, бу энди инсофдан эмас масалан: беш қўл баробар эмас дейдилар. Аёнку қўл иккита, ҳар бир қўлда бармоқ бешта. Наҳотки, қўл билан бармоқни фарқлай билмаймиз. Бошқа бир мисол: айтадилар юзта дарахт эктик!!! Дарахтни ё кўчатни, ниҳолни ўтқазадилар, буғдойни, чигитни, қовунни, пиёзни… Экадилар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг ёмони шундаки, давлат идоралари раҳбарлари, ҳатто олимлар, ўқитувчилар ҳам тилимизни унинг қоидаларини, тил тўғрисидаги Қонунни бузадилар, тилимиз, бузғунчиларига ҳайф. Келинглар! Жонажон тилимиз софлиги учун курашайлик, бу энг ёмон иллатдан қутулайлик, ҳазрат Навоий ҳам айтганлар: “Тилга эътибор, элга эътибор”. Мен айтган бўлурдим “Ўзбекистонга ҳам эътибор”.

Д.Азимова – Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва

маърифат бўлими услубчиси

Share this post