Blog

Таълимдаги коррупция – энг олий жиноят

Коррупция – ниҳоятда ижтимоий – сиёсий вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, халқнинг бошқаруви ҳокимият органларига ишончи йўқолади, уюшган жиноятчилик кучаяди, жамиятда маънавият издан чиқа бошлайди. Коррупция оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳодисалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Коррупция бузғунчилик табиатига эга экани учун ҳам инсоний жамият қадим замонлардан бошлаб унга қарши курашиб келди.

Мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам астойдил киришилган. Аммо…

Порахўрликка қарши кураш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирларга қарамай, ҳаттоки мамлакатимизда шундай синовли давр, яъни коронавирус пандемиясига қарши кураш кетаётган бир пайтда “ўқишга киритиб қўяман, тестни ҳал қилиб бераман”, деган ва шу орқали мўмай пул ишлаб олиш илинжидаги фирибгарлар ҳали-ҳануз учраб турибди. Афсуски, “Фарзандим диплом олса бўлди, у ёғи бир гап бўлар” қабилида иш тутадиган, фарзандининг қобилияти, билими ва салоҳияти етарлими ёки йўқ, бунга иккинчи даражали масала сифатида қарайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Очиғи, ушбу ҳолатлар йиллар давомида таълим тизимидаги коррупциянинг энг оғриқли нуқтаси бўлиб келди.

Соҳадаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарди, кимнинг билими, қобилияти, салоҳияти бўлса, ўша одам ўқийди, деган тамойилга амал қилина бошланди. Шу боис эндиликда таълимдаги коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга астойдил киришилган. Бу борадаги дастлабки қадам тест имтиҳонларини топшириш жараёнини тартибга солиш билан бошланди.

Президентимизнинг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимиз олий таълим даргоҳларига қабул учун квоталар сони ўтган йилдагига қараганда бир неча мингтага кўпайди. Барча жараён нафақат давлат органлари, балки кенг жамоатчилик назорати остида шаффоф тарзда ўтадиган бўлди.

Қисқаси, ҳужжат қабул қилишдан бошлаб, тест имтиҳонларини ўтказиш жараёнигача абитуриентлар учун барча шароит ва имконият яратиляпти. Асосийси, ҳаққонийлик ва очиқлик тамойилига амал қилинаётир.

Лекин коррупцияга қарши кураш тобора қатъий бўлиб борса-да, ажириқ каби унинг илдизлари ҳали-ҳануз сақланиб қолган кўринади. Астойдил таълим олиб, не-не орзулар билан ўқишга топширган ёшлар манфаатини ҳатлаб ўтиб, ҳаром луқма билан кун кечиришни ўзига одат қилган айрим нопок инсонлар ҳозир ҳам учраб тургани жамиятимиздаги соғлом муҳитга салбий таъсир қилмоқда. Айниқса, янги ўқув йили бошланиши арафасида бу каби қинғир амалиёт у ер, бу ерда урчий бошлаши ҳам бор гап. Бундай ҳолат нафақат олий таълим даргоҳларида, балки лицей ва коллежларда, ҳатто умумтаълим мактабларида ҳам кўзга ташланаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Таълим даргоҳларидаги порахўрлик касаллиги айнан юқоридаги каби “таълим муассасалари ходимларининг” салбий хатти-ҳаракатлари таъсирида, ҳатто ҳали ғўр бўлган ўқувчиларга ҳам ўтмоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки “Устозим шу ишни қилгандан кейин, мен қилсам нима бўлибди”, деган фикр ҳали онги-шуури тўла шаклланмаган боланинг хаёлидан ўтади-да.

Айримлар оʻқитувчилар яхши яшаганидан эмас, балки, гоҳида маоши яшаш учун оддий харажатларни ҳам қоплашга етмаганидан “олади-да“ деб эʼтироз билдириши мумкин. Оʻқитувчи ва барча бошқа бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори муносиб боʻлиши ва ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни ноқонуний совгʻа ёки пора олишга мажбур қилмаслиги керак.

Аксарият ҳолларда пора бериш ташаббуси айнан фуқароларнинг ўзидан чиқаётгани, афсуски, аччиқ ҳақиқат. Ваҳоланки, жамиятни ҳалол ва коррупциядан холи ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъулмиз ҳамда порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлишини англаб етишимиз шарт.

Бухоро МТИ “Хорижий тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Саломова М.З.

 

Share this post