Blog

ТАРТИБ, ИНТИЗОМ ВА МАСЪУЛИЯТ

“Ижтимоий фанлар” кафедраси   доценти  Л.П.Мухамеджанова

 

2020 йил 24 июлда Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратилла Ражабович  Баракаев “Короновирус пандемияси” ва “Коррупцияга қарши кураш” мавзуларида “ZOOM” платформаси орқали институтнинг “Ижтимоий фанлар”, “Хорижтй тиллар”, “Ўзбек тили ва адабиёти” ҳамда “Чизма геометрия ва муҳандислик графикаси” кафедралари профессор-ўқитувчилари ва ходимлари билан онлайн мулоқот ўтказди. Ушбу мулоқот жараёнида ўқув ишлари бўйича проректор Ш.М.Ходжиев, таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Ю.С.Бешимов ва ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Н.Ш.Кулиевлар ҳам иштирок этдилар.

Институт ректори Н.Р.Баракаев короновирус пандемияси тўғрисида қуйидаги фикрларни билдирди. Коронавирус балоси бутун жаҳонга катта талофат келтираётган бир пайтда афсуски бизнинг мамлакатимиз ҳам унинг таъсиридан четда қолиб кетмади. Юртимизда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони дастлабки кунларда икки-уч кишини ташкил этган бўлса, бугунга  келиб кунлик ўсиш суръати 500-600 кишини ўз ичига олиб бораяпти. Институтимизда ҳам айрим профессор-ўқитувчиларнинг бу касалликка чалинганлиги жуда ачинарли ҳолдир. Ҳозирги вақтда касалликнинг ривожланиш тизгинини жиловлаш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қатори институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчи ва ходимларимиз ҳам карантин тартиб-интизом қоидаларига қатъий риоя қилишлари ва ўзларида масъулиятни жиддий ҳис этишлари зарур. Қачонки, қаерда қатъий тартиб-интизом мавжуд бўлса, ўша ерда ривожланиш, тараққиёт ва ўсиш бўлади. Бу борада юртбошимиз халқимизга қилган  мурожаатларида  шундай деган эдилар: “Ўзимиз, оиламиз, болаларимиз, невараларимиз, қариндошларимиз, ҳамкасбларимиз, ватандошларимиз тақдирига бефарқ бўлмасак кўзланган натижага эришамиз. Шунинг учун фарзандларимизни, оиламизни, ота-онамизни қўшниларимизни, ҳамкасбларимизни эҳтиёт қилишимиз зарур.

Агар ўзларингга эътибор бермасаларинг, огоҳ бўлиб, тиббиёт ходимларининг айтганларини қилмасаларинг, қаттиққўллик, интизом, тартиб бўлмаса, бу касалликни осонлик билан енга олмаймиз”.

Шу боисдан юртбошимиз талаб қилганидек, биз ҳам қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни кўраяпмиз.

Ректор онлайн мулоқот иштирокчиларга агар уларнинг фаолиятлари доирасида ёки оилаларида қанақадир моддий қийинчиликлар учраётган бўлса, шахсан ўзларига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Н.Р.Баракаев коррупция тўғрисида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини жуда жиддий ва қатъий талаблар асосида баён қилиб, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Институтда аҳвол яхши эмас. Бизни қийнайдиган ҳолат – бу коррупция. Қачонгача бу ҳолат давом этади. Наҳотки институт обрўсини сақлашга ҳаракат қилмайсизлар! Ахир бу ҳаммамизнинг иккинчи уйимиз саналади-ку! Умримизнинг ярмидан кўпини шу институтда ўтказамиз. Институт ҳам Ватан ичидаги кичкина ватан, талабалар бизнинг ўз фарзандларимизга ўхшаган фарзандларимиз-ку ахир. Нима учун институтни, талабаларни севмайсизлар, яхши кўрмайсизлар. Қачонгача бу жараён давом этади. Коррупция деган жирканч иллат ҳали ҳам баъзи кимсаларнинг  фикридан чиқиб кетмаяпти. Фисқи-фасод, ғийбат гаплар ҳали ҳам давом этаяпти. Бу яхши эмас. Бизни жуда қийнаётган нарса коррупцион  ҳолатлардир. Бу институтимизга жуда салбий таъсир кўрсатиб келаяпти. Бундай қинғир-қийшиқ ишларни тугатишимиз керак. Коррупциянинг олдини оладиган Сизлар-ку! Азалдан дину диёнат ва илм-маърифат маркази бўлган  Бухоронинг, қолаверса институтимиз шаънига путур етиб, обрўси тўкилаётганини биласизларми? Наҳотки шунчалик тубанликка борган бўлсангизлар. Бунинг учун ким жавоб беради, ҳурматли иштирокчилар?

Сизга маълум Бухоро азал-азалдан илм-фан, маданият ўчоғи бўлган. Шунинг учун ҳам у “Бухоройи-шариф” деган муқаддас номга эга бўлган. Институтда фаолият кўрсатган профессор-ўқитувчилар томонидан бажарилган илмий-тадқиқот ишлар ва инновацион ишланмалар Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатлари олимлари томонидан юқори баҳоланиб, битирувчиларимизни эса иш берувчилар жуда қадрлашганлар. Бунинг асосий сабаби шу ерда фаолият юритган касбдошларимизнинг илм йўлида ситқидилдан Ватанни ва касбларини севиб, қадрлаб хизмат қилганликларидан иборат эди. Бугунги залворли кунларда ҳам  улар биз учун жуда қадрли. Биз ҳеч қачон улар томонидан амалга оширилган улкан меҳнатлар самарасини унутмаслигимиз керак.

Шундай экан барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, “Халқимиз билан биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳар бир ишга илмий ёндашсакгина олдимизга қўйилган барча марраларга эришамиз. Халқимизни бу кўринмас балодан асраймиз, ҳалол ва ақлий менатимиз эвазига бой қиламиз”. Бу йўлда устозларимиз раҳнамо бўлишлари шарт, ҳар бир ишга инновацион ёндашувлар зарур.

Бугун короновирус пандемияси билан боғлиқ масалалар, муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ҳал қилиниши керак бўлган саъй-ҳаракатлар  бўйича   тушунтириш ишларини олиб боришда “Ижтимоий фанлар”, “Хорижий тиллар” ва “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедралари професор-ўқитувчилари асосий мутахассислар сифатида халқимизга қанот бўлишлари керак.

Ҳурматли домлалар, ходимлар барчамиз Ватанимизни, институтимизни севишимиз, уларни кўз қорачиғидай асрашимиз, юзага келган қийинчиликларни бартараф этишда халқимизни қўллаб-қувватлашимиз бугунги кунда энг долзарб масаладир”.

Кун тартибининг навбатдаги масаласи янги ўқув йилига тайёргарлик ишларига бағишланди. Институт ректори янги 2020-2021 ўқув йилида бажариладиган ишлар, ўқув юкламалари тўғрисида кафедра мудирларига алоҳида топшириқлар берди. Шунингдек у  2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 1-курс талабалари учун дарс жараёнлари янги кредит-модуль тизими асосида  олиб борилишини эълон қилди ва ушбу тизим тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди. Ҳўш, кредит таълим тизими нима ўзи?

Кредит-модуль тизимига кўра, керакли баллни йиға олмаган талабалар ОТМларда узоқ йиллар давомида ўқишига тўғри келади. Тингловчи ўрнатилган кредит балларни тўплаган тақдирдагина диплом олишга муваффақ бўлади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра концепциянинг мақсадли кўрсаткичларида 9 та йўналиш белгиланган бўлиб, асосий эътибор олий таълим муассасаларига қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган.

2017 йилда ёшларни олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткичнинг 30 фоиздан ошиши режалаштирилган.

Фикримча, кредит тизимини жорий этилишидан мақсад, миллий менталитетимиз ва ёшлар билан боғлиқ хусусиятларни инобатга олган ҳолда талабаларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан ривожланишига етарлича эътибор берилишидадир. Бунинг учун эса, олий таълим тизимида ўқув ва тарбиявий жараённи уйғунлашган ҳолда олиб бориш, олимлар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, яъни талабаларнинг уларга ҳавас қилишлари, улардан ўрнак олишга интилишлари мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Шундагина ўқитишнинг кредит технологияси ёрдамида юксак маънавиятли, ижодкор, ноодатий фикрлайдиган, инновация ва ташаббусларга бой мутахассисларни етиштириш мумкин.

Дарҳақиқат, Н.Баракаев ўта куюнчаклик билан сўзлаган маърузасининг мазмун-моҳиятини институтимизнинг ҳар бир профессор-ўқитувчиси тўла англаб етиб, унга масъулият билан эътибор қаратиши, давлатимиз томонидан белгиланган барча талаб ва қоидаларга бирдек амал қилишлари жуда муҳимдир.

Н.Р.Баракаев маърузасига якун ясар экан, “ZOOM” платформасида иширок этган барча профессор-ўқитувчиларга, ҳамкасбларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ишларига омад ва муваффақиятлар тилади.

Эзгу орзу-ниятларимизни, режаларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин.

Share this post