Blog

Соғиндим

Мана, бир ойдирки уйда болалар.
Бувилар асабий, тажанг додалар.

Пишир, куйдир, дарсдан ортмас оналар.
Мактабнинг, УСТОЗнинг қадрини билдим.

Кўчага чиқаман, юзимда ниқоб,

Қўрқаман, гўёки атрофда микроб,
Ҳамма ёқда вирус, хаёлда сароб.
Эх! Тоза ҲАВОнинг қадрини билдим.

Тўртта нон кўтариб келган укамни
Чеҳраси отамдек нурли акамни.
Онамдан ёдгорим- синглим, опамни.
Соғиндим! ЖИГАРЛАР қадрини билдим.

Ҳафтада келмаса гина ҳам қилиб.
Эндичи, чеҳрасин телефонда кўриб.
Мана ўтирибман барин соғиниб.

ЎҒЛИМнинг ҚИЗИМнинг қадрини билдим.

Отам ўтган уй деб йўқлаб келганим.
Акасин ҳолидан хабар олганим.
Укамдек, синглимдек меҳр берганим.
ҚАЙНИМ, ҚАЙНИСИНГЛИМ қадрини билдим.

Бир ойда бир бора кўришар эдик.
Учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашар эдик.
Суҳбатлашиб, Қуръон ўқишар эдик.
ҲОЖИ ОНАЛАРнинг қадрини билдим.

Бағримга бир босиб кўриша олмай.
Эшикдан мўралаб туриб, чиқолмай.
Узокдан кўраман сизларни токай?
Қадрдон ҚЎШНИЛАР қадрини билдим.

Эшик қўнғирогин чалмайди ҳеч ким.
Тўйларга, ошларга айтмайди ҳеч ким.
Ошналар йўқламас, келмайди ҳеч ким.
Уйга келган МЕҲМОН қадрини билдим.

Опа синглим каби яқин қудалар.
Ўзимга ўхшаган дилкаш, соддалар.
Тез-тез кўришайлик, беринг ваъдалар.
Қадрдон ҚУДАлар қадрини билдим.

Шогирдлар, жиянлар, куёв, келинлар.
Сиз менга қадрли! Буни билинглар!
Йўллар очилганда йўлаб келинглар!
Бугун мен ҲАММАнинг қадрини билдим.

Тутдай тўкилмокда одам боласи.
Кўмилмай кўчада қолар мурдаси.
Аллоҳим! Қабул қил банданг тавбасин!
Мен бугун ИНСОНнинг қадрини билдим.

Дуомиз кабул кил! Бағрингни очгин!
Фалокатни арит, эзгулик сочгин!
Эй Аллоҳ! Байтингга яна йўл очгин!
ҲАРАМнинг, КАЪБАнинг қадрини билдим.

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.