Blog

“САХОВАТ ВА КЎМАК” УМУМХАЛҚ ҲАРАКАТИГА БИРЛАШАЙЛИК

Азалдан ўзбек халқи ўзининг тарихий ва маънавий қадриятлари жумладан, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат, ўзгаларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзиш, топганини ўзгалар билан баҳам кўриш каби юксак фазилатлари  билан дунёдаги бошқа миллат халқларидан ажралиб турган.

Бунга мисол қилиб, Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомахмудовни келтиришимиз мумкин. У иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзининг бағрикенглиги, болапарварлиги, бир майизни муҳтожлар билан қирқ бўлиб ейиши ҳақиқий инсонийлик фазилатлари эканлигини намоён этган. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.

Хабарингиз бор, дунё бўйлаб тарқалган COVID-19 коронавируси эпидемик вазиятни, яъни бутун дунё аҳолиси вирусдан ҳимояланиш, унинг кўпайиб кетмаслиги ва бу вирусдан батамом қутулиш мақсадида карантинга  чиқди. Бунда боғча, мактаб, олий таълим муассасалари, бюджет ташкилотлари ва корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди. Пандемия бошланди ва ҳамма уйда қолди.

Пандемия  пайтида бутун дунё бўйлаб ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиийдир. Бундай пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ҳар бир шахс олдидаги инсонийлик бурчидир.

Бутун дунёда бўлгани каби пандемия Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекциясидан касалланган аҳолини даволаш, ҳамда бошқаларга юқтирмаслик учун изоляцияга олинганлиги ва бу инфекцияни олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кўпгина чора-тадбирлар эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатинининг асосий мақсади карантин даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ночор оилаларга, бемор ва ногиронларга, етим-есирларга ёрдам қўлини чўзиш, муҳтожлар ҳолидан хабар олиш каби фазилатли ва савобли ишлардан саналади.

Юртбошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган  “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтирди.

Эл учун оғир, машаққатли ва синовли кунларда халқнинг ватанпарварлиги, меҳр-оқибати янада яққол намоён бўлмоқда.  Бу ҳаракат саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар ва идора-ташкилотлар раҳбарларини эзгу ишларга, фидойилликка, ватанпарварликка ундамоқда.

Мана шундай синовли кунларда “Соғлом авлод учун” хайрия фонди институт бўлими томонидан боқувчиси йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга хайр-эҳсонини аямади. Ушбу фонд “Енгил саноат” факултети ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Казакова Д.С. билан ҳамкорликда шу факултет талабалари Нарзиев Шахруз ва Усманов Русланларга озиқ-овқат ва гигиена воситалари хайрия сифатида берилди, ҳамда уларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиб, муаммолари ўрганилди. Талабаларга масофавий таълим бўйича тавсиялар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” ҳаракати ҳам айнан шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятли ва муҳим. Ҳар бир шахс бугунги кунда дунёда бўлаётган жараёнларга жиддий муносабатда бўлиши, ижтимоий тизимга масъуллик билан ёндашиб, унинг тақдирига бефарқ қарамаслиги лозим.

Ҳурматли жамоа, келинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига бирлашайлик ва фазилатли, савобли ишларни, инсонийлик бурчимизни адо этиб,  ўзбек халқининг меҳр оқибатли, тантилигини кўрсатайлик!

Бухоро муҳандислик технология институти,

“Соғлом авлод учун” хайрия фонди институт

бўлими раҳбари Садуллаева Дилфуза

 

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.