Blog

Сабр ва қаноат – юксак инсоний хислат

 

Х.Х.Рахматова – БухороМТИ

Ижтимоий фанлар кафедраси

 катта ўқитувчиси

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Президентимиз короновирус билан боғлиқ вазият бўйича Мурожаатларида қадимий урф-одатларимизга қатъий риоя этишимиз, аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозимлиги, бундай бало хонадонларимиз тоза, озода, ўзимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан пок, сабр-тоқат билан оила бағрида бўлгандагина даф бўлиши мумкинлиги, шу ўринда кўпни кўрган, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар, деб ишонч билдирдилар.

Бир неча ҳафтадан буён уйдан чиқмаётганимиз боис бироз қаноатсизлангандекмиз. Чин маънода сабримиз синовдан ўтяпти. Сабр ва қаноат инсон учун доимо керак. Сабр сўзининг маъноларидан бири – танглик пайтида хам ўзини тута билишдир. Ҳадисларда “Чинакам сабр-тоқатли деб мусулмон кишининг мусибат юз берганда чидамлигига айтилар, иймоннинг афзали сабрли ва кенг қалбли бўлишдир. Сабрлилик  мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади”,-деб марҳамат қилинади.

Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Аллоҳ таоло мусибатларни енгишда сабр-қаноатга суяниш, унинг тақдирига рози бўлиш энг тўғри йўл эканлигини таъкидлайди. Сабр-қаноат бахт саодатга эришишнинг калити эканлиги ҳақида Алишер Навоий “Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига куйишдан алам йўқ”, –  деганлар.

“Қаноат” эса еб – ичмак ва  кийинмоқнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб этмасликдир. Шунинг учун донолар қаноатни қушлардан ўрганишни тавсия қиладилар. Қуш эртанги озуқаси бўлмаса ҳам масъуд-бахтиёр учаверади. Одамнинг эса омбори донга тўла бўлсада, кейинги йил ғамида, ташвишида паришондир. Қаноатсиз одам ўзини – ўзи идора қилиши мушкул бўлади. Халқимизда “тоқатлига тоғлар эгар бошини” деган иборанинг ишлатилиши қаноатли кишининг азиз, бахтиёр ҳисобланишидан далолатдир.

Президентимиз бугунги вазиятда халқимизни сабр бардошли бўлишга даъват этмоқдалар. Бугун даврнинг ўзи ҳам биздан сабр-тоқат қилиш, бозор қонуниятлари асосида шаклланган замонавий қарашлар ва тафаккуримизни ислоҳ қилиш, мурувватли ва меҳрли бўлиш, ўзимиз шакллантирган давлат ҳокимияти ва сайлаб қўйган раҳбарларимиз талабларига бўйсуниш, жипслашиш, бир-биримизга бўлган муносабатимизни ўзгартириш, инсониятнинг келгуси тақдири ҳақида қайғуриш, энг асосийси, ўз жонимизни асрашимизни талаб этмоқда. Бу дунёда энг катта бойлик инсоннинг ўзи эканлигини чуқур англасак, бу ташвишли кунларни албатта енгиб ўтамиз. Шундай қутлуғ ва азиз Рамазон кунларига етиб келганимизнинг шукрини қилиб,  Яратгандан сўрайликки, Юртбошимиз, ҳукумат, масъул идоралар саъй-ҳаракати беиз, бесамар кетмасин – бутун дунёнинг ҳаловатини, одамлар тинч ҳаётини бузаётган, короновирус аталмиш балолардан халос бўлайлик.

 

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.