Blog

ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ҲУКУМАТ ҚАРОРЛАРИГА ИТОАТ ЭТИШ –  ОМОН ҚОЛИШ ГАРОВИДИР

Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси Абдужалил Қурбонов

«Пандемия» сўзи юнонча “пан” (барча) ва “демос” (одамлар) сўзларидан ясалган бўлиб, мутахассислар бу сўзни хасталик сайёранинг турли бурчакларида бир вақтнинг ўзида тарқалган пайтда ишлатадилар.

Ҳамманинг хабари бор, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 15 июль соат 11:00 ҳолатига кўра, 14293 нафарни, соғайганлар сони эса 8327 нафарни ташкил этмоқда. Афсуски вафот этганлар сони 68 киши.

ОАВлардан биламизки, Қозоғистонда 13 июль коронавирус пандемияси қурбонлари хотираси учун умуммиллий мотам куни, деб эълон қилинди. Мотам куни барча кўнгилочар тадбирлар ва кўрсатувлар бекор қилинди. Шу куни бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек, мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида байроқлар тушириб қўйилди. 13 июль куни Қозоғистондаги йирик масжидларда Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилди, черковларда эса ибодат маросимлари ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 61755  нафар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанбага ўтар кечаси 7 июлдан 12 июлгача COVID-19 билан боғлиқ 111 та ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилган. Бугунги кунгача Қозоғистонда, расмий маълумотларга мувофиқ, 375 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Бизнинг давлатимизда ҳам шундай ҳодиса рўй бермаслиги учун Республика ССВ томонидан 65 ёшдан ошган шахсларга “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш тавсия этилди. Ўзбекистонда коронавирус юқтираётганлар сони янада ошиб бораётганлиги сабабли, Республика махсус комиссияси 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар Республика миқёсида навбатдаги карантин чекловларини жорий этди. Комиссия қарорида сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти, маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади. Бундан ташқари, 2020 йил 18-19 июль ва 25-26 июль кунлари бутун сутка давомида Республикамизда ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, давлатимиз томонидан чиқарилган қарорларга итоат этиб, ўзимизни ва атрофиздагиларни асрайлик.

Share this post