Blog

ОНА ТИЛИМ… ОНАЖОН ТИЛИМ

 

Чунки топдим ул калом ичра камол,

                                                              Турк алфози била сурдум мақол…

                                                                  Турк назмида чу мен тортиб қалам,

                                                                Айладим ул мамлакатни якқалам…

Алишер  Навоий

 

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига “Давлат тили” мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида шубҳасиз буюк тарихий воқеа ва Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди.  Давлатимиз мустақиллиги  эълон қилиниши билан она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди. Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан биридир.

Ўтган давр мобайнида дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимизга миллий меросимизнинг асосларидан бири сифатида катта эътибор қаратилган ҳолда унинг мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.

Тарихга бир назар. Ўн биринчи асрда араб алифбоси асосида яратилган эски ўзбек ёзуви оммалаша бошлади. Мутафаккир бобомиз Маҳмуд Кошғарий 1070-71 йилларда ёзган “Девону луғотит турк” асари она тилимиз бой тил эканлигини мангуликка муҳрлади. ХI-ХII асрларда яратилган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарлари она тилимиздаги энг қимматбаҳо асарлар ҳисобланади. Улардан кейин Аҳмад Яссавий, Лутфий каби мумтоз шоирларимизнинг туркий наволари назм гулшанига файз бағишлади.

Шеърият султони Ҳазрати Алишер Навоийнинг беш достондан иборат “Хамса”си она тилимизга қўйилган осмонўпар ҳайкал бўлди. Алишер Навоий тилимизни камситганларга жавобан “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида она тилимиздаги юзта сўзни келтириб, уларнинг муқобили форс тилида йўқ эканлигини таъкидлаганлар. Агар бу сўзларимизнинг муқобили бой форс тилида йўқ бўлса, бошқа тилларда ҳам йўқ десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Баъзан, Бобур Мирзо нега “Хатти Бобурий” асарини яратганлар? – деган савол туғилиб қолади. Сабаби ул зот она тилимиз ўз ёзувига эга бўлишини ва равнақ топишини истаганлар, орзу қилганлар.

Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва, буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан сўзлайди, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Она тилимиз миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”. Дарҳақиқат, бундан юз минг йил кейин ҳам ўзбек тили, ўзбек миллати, Ўзбекистон яшаши ва гуркираб яшнаши учун бугун ҳам, эртага ҳам, кейинги кунларда ҳам она тилимизни ривожлантиришга ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиз ҳисобланади” – дея жонкуйдириб таъкидлаган эди.

Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” –, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Бу билан давлат рамзларидан бири саналган маънавий қадриятимиз – она тилимиз қонун ҳимоясида эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.

Ҳар қандай миллий ифтихор, миллий ғурур она Ватанни ва она тилини севишдан бошланади. ”Она тилимизнинг камолоти йўлидаги саъй –ҳаракатимизни кучайтириш кераклиги яққол сезилиб турибди. Тилимиз ҳамон парваришга ва ҳимояга муҳтож” деб ёзган эди ҳурматли домла Озод Шарафитдинов. Ўзга тилга давлат тили мақоми берилишини сўраб ёзилган хат бизни огоҳликка даъват этиши шарт. Она тилимизни ҳимоя қилиш биз учун энг муқаддас бурч, буюк аждодларимиздан қолган мерос, қарз эканлигини унутмайлик!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббускорлиги остида ўзбек тилига бўлган эътиборимиз янада кучаймоқда. 2019 йилнинг 21 октябрь куни зиёлилар иштирокида бўлиб ўтган катта анжуманда давлатимиз раҳбари тилимизнинг мавқеи ҳақида: “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир” – дея, фахр билан таъкидлаган эди.

Ўзбек азал-азалдан болажон халқ. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг буюк аждодларимиз сингари оламга машҳур инсонлар бўлиб етишмоғини чин юракдан истаймиз. Уларнинг ёрқин келажаги йўлида ҳар қандай мушкулотларга кўксимизни тутамиз.  Маърифатпарвар аллома ва ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибрат таъкидлаганидек: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

Ш.Мирзиёев, бевоита ёшлар тўғрисида фикр юритар экан, Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин”.

Зеро, тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Яъни, тилимизни асраш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Фикримизга якун ясар эканмиз, ўзини ўзбек деб билган ҳар бир ўзбекистонлик, ўз .она тили аталмиш муқаддас ўзбек тили орқали ватанига, халқига ва оиласига муҳаббатини юрагига жо қилиб олиши, Алишер Навоий, Бобурдек буюк зотлар,  A.Қодирий, Чўлпон, A.Қаҳҳор, Зулфия, A.Орипов, Э.Воҳидов каби улуғ сўз усталарини абадий юраги ва қалбида мустаҳкам сақлаши, ўчирмаслиги ҳам фарз, ҳам қарз. Шуниндек,г ўзбекларда сўз боши “Ассалому-алейкум” ва “Раҳмат” деган чиройли сўзлар орқали тилимизнинг гавҳари эканлигини унутмаслиги лозим. Зеро, она тилим…. онажон тилим!

доц.Мухамеджанова Л.П. – “Ижтимоий фанлар” кафедраси

                ўқит.Мухамеджанова С.Дж. – “Хорижий тиллар” кафедраси

Share this post