Blog

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРИ ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Миллий университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ва Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари талабалари ўртасида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувда талабалар кенгаши фаолияти, стипендияларнинг оптималлашуви, талабаларни иш билан таъминлаш, ал-Хоразмий олимпиадасининг саралаш босқичини ташкиллаштириш, халқаро талабалар алмашинуви, чет тилларини ўқитиш самарадорлигини ошириш, ОТМларда ички алмашинувни йўлга қўйиш, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, олий таълим муассасаларидаги талабалар кенгаши фаолияти билан боғлиқ масалага тўхталар экан, вазир бунда аввало, талабаларнинг фаоллиги муҳим эканлигини таъкидлади.– Олий таълим муассасаларидаги таълим сифатини оширишда аввало, талабалар ўзини ўзи бошқариш ташкилотининг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Масалан, фақат ОТМ миқёсида эмас, факультет ёки курслар миқёсидаги талабалар кенгашини ҳам жорий қилиш мумкин. Унинг тузилиши ва ваколатлари қандай бўлиши лозимлиги борасидаги таклифлар ҳам сизлардан чиқиши керак. Бу тизим самарали ишлаши учун яна нималарни амалга ошириш мумкин? Бу масалада биз сизларга суянамиз, – деди Иномжон Мажидов.

Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирок этган талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олишди.

Шунингдек, вазир талабалар томонидан айтилган таклифлар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Манба:https://edu.uz/uz/news/view/1872

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.