ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ ТАЙИНЛАНДИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПҚ-4339-сонли қарори билан Конгратбой Авезимбетович Шарипов Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бугун Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги жамоасига вазирнинг янги биринчи ўринбосари – Конгратбой Шарипов таништирилди. Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ОТМлари ректорлари иштирок этишди.

Абдужаббор  Абдувоҳидов вазирлик жамоаси билан суҳбатда К.Шарипов тизим учун янги кадр эмаслиги, бугунги кунда олий таълим тизимида олиб борилаётган асосий вазифалар – таълим-фан-ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлаш мақсадида соҳа вакиллари орасидан тажрибали раҳбар сифатида танлаганини таъкидлади. Айниқса, Президент томонидан олий таълим олдига катта вазифалар қўйилаётган ҳозирги пайтда, ҳамжиҳатликда самарали фаолиятни йўлга қўйиш ҳар қачонгиданда муҳим эканлигини қайд этди.

Маълумот учун, Конгратбой К,Шарипов 1963 йил Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги муҳандис – механик, техника фанлари доктори, профессор.

1987-1991 йй. – Горячкин номидаги Москва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш инженерлари институти стажер-ўқитувчиси, аспиранти. 1992-2001 йй. – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти трактор ва автомобиллар кафедраси ишлаб чиқариш устаси, ассистенти, докторанти ва доценти. 2001-2003 йй. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш факультети декан муовини, трактор ва автомобиллар кафедраси доценти, ресурс тежамкор техника ва технологиялар муаммоли илмий тадқиқот лаборатория мудири бўлган.

2003-2007 йй. «ТошкентДЭУ» масъулияти чекланган жамият бош директори, Тошкент автомобиль йўллари институти автомобилсозлик технологияси кафедраси доценти, автомобиллар кафедрасида соатбай ўқитувчи, 2007-2009 йй. Ўзбекистон – Корея «ТОШАФУС» қўшма корхонаси бош директори, (ўриндошлик асосида) Тошкент автомобиль йўллари институти автомобилсозлик технологияси кафедраси доценти, автомобиллар кафедрасида соатбай ўқитувчи, 2009- 2009 йй. «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти янги лойиҳаларни бошқариш бўлими бош менежери, 2009 – 2010 йй. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори, 2010- 2017 йй. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети молиявий ва иқтисодий ишлар бўйича биринчи проректори, 2017 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори лавозимида ишлаган.