Blog

Мутафаккирларнинг устоз-шогирд муносабатларига қарашлари

«Устоз» сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий, раҳнамо, ўқитувчи, муаллим деган маъноларни англатиши ёзилган. Демак, «устоз» номи кенг маъноли сўз бўлиб, бу номга муяссар бўлган кишига ҳар томонлама юксак масъулият юклатилади. Шунинг учун ҳам халқ орасида «Устоз кўрган», «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», «Таълим берган устозингга раҳмат» каби ибратли нақллар кўплаб бор. Бунинг маъноси шуки, ҳар қандай касб соҳиби устозсиз шаклланмайди, ҳаётдан ўз ўрнини топа олмайди.

Қадим Шарқ халқларида устоз, пир, муршид, мураббий, мударрис, муаллим, тарбиячи номлари билан юритилувчи зотларнинг иззати ва ҳурмати ҳамиша юқори бўлган. Инсон ўзини англаган даврдан устозларга суянган, улардан маънавий қудрат олган. Агар иқтидорли устоз ўз мактабини яратмаса, ўзидан кейин билимдон, истеъдодли   шогирдлар   қолдирмаса,   унинг   ҳаёти,   умри   бесамар   ўтган бўлади.    Устоз   қанчалик   буюк   бўлмасин,   мактаб   таълимида қанчалик    ютуқларга    эришмасин,    ўз    билим    тажрибасини    ишончли шогирдларда қолдирмаса, унинг эришган ютуқлари сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Бобокалонимиз ҳазрат Навоий бу борада қуйидаги мисрани битган эди:

“Ҳунарни асрабон неткумдир охир,

Олиб тупроққаму кетгумдир охир”.

Қадимда ҳар бир ҳунар муқаддас ҳисобланган бўлиб, уни ҳурматлаб, эъзозлаб келганлар. Ота-боболаримиз устоз ва шогирдлар учун ўзига хос одоб-ахлоқ, махсус қонун-қоидалар, урф-одатлар, дуолар, миллий анъаналарни ишлаб чиққан бўлиб, бу қоидаларга қатъий риоя қилинган. Устознинг ҳам, шогирднинг ҳам олдига қўйилган ўзига яраша вазифалари ва бурчлари бўлган. Ризоуддин Ибн Фаҳриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб турингиз, уларга хушмуомалаларни, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутмаклари ҳақида назорат айлангиз. Ёмон ҳулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон ҳулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”.

Шогирд устозни ҳурмат қилиши ва унинг меҳнатини қадрига етмоғи керак.   Бир ҳакимдан:

– Нима учун сиз устозингизни отангиздан кўра ҳурмат қиласиз? – деб
сўрашди.

У бундай жавоб берди:

        – Отам дунёга келишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим ҳаётим борича
яхши яшашимга сабаб бўлди.

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага яқин келганда отдан тушиб, устози яшайдиган маҳалла аҳли билан қуюқ саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб, отига минмай Жомий уйигача пиёда борар экан. Шунда бир темирчи сўрабди: “Амир Навоий, нечук устоз уйига етмай туриб отдан тушиб оласиз? Ахир сиз вазир аъзамсиз-ку! Сизга бундоқ юриш ярашмас”. Алишер Навоий жилмайиб туриб, шундай дебди: “Йўқ биродар, мен ҳозир устозим Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага келдим. Демак, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро устозимнинг тобуткашлари ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, нечун мен улар, яъни сиз муҳтарамлар олдида ҳурматсизлик қилишим керак. Устозимни қандоқ авайлаб-эъзозласам, сизларни ҳам шундоқ кўргумдир”.

Шогирднинг энг яхши хислати – покликдир. Зеро, Хусайн Воиз Кошифий шогирд одоби ҳақида шундай дейди: “Устоз қабулига кирганда ёки устозини кўрганда, биринчи бўлиб салом бериш; устознинг олдида оз гапириш ва бошни олдинга эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югиртирмаслик; агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш; устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик; устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик; ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш. Шогирднинг руҳий оламининг муҳим замини ҳам бўлиб, уларга поклик, дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, садоқат, меҳр-мурувватлилик, касб танлаш имконияти, ватанпарварлик, миллий ифтихор, инсонпарварлик, хушмуомалалик, озодалик, покизалик, самимийлик, зийраклик, ташаббускорлик, инсофлилик, ростгўйлик, ор-номуслилик, ҳамжиҳатбарорлик, андишалик, катталарни ҳурмат қилиш, соф муҳаббатни қадрлаш, вазминлик, тўғрилик, байналминалчилик, устозини ҳурматлаш, ота-онасини ҳурматлаш кабилар киритилади”.

Инсоният тарихий тараққиёти, жамиятнинг қиёфаси устоз-педагогнинг аҳволи ва руҳиятига боғлиқ. Унинг жамиятдаги мавқеи, ҳаётга бўлган муносабати, маънавий-маърифий савияси кишилар ўртасида юксак тарбиявий аҳамиятга молик. Устоз-педагогга берилган баҳо у яшаган жамиятга берилган баҳодир. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида юртбошимиз раҳнамолигида устоз-педагоглар мавқеини мустаҳкамлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, шарафли ҳамда маъсулиятли касб соҳиблари – ўқитувчилар учун “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвонлари таъсис этилди. Президентимиз сўзлари билан айтганимизда: «Устозлар – азиз юртнинг энг азиз, энг улуғ ва мўътабар кишилари» даражасига кўтарилди. Ана шундай устозлар яратган мактабларда таълим-тарбия кўрган шогирдлар истиқболда мамлакатимиз таълимини юқори чўққиларга олиб чиқиши шубҳасиз.

БМТИ “Хорижий тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Н.О.Абдуллаева

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.