Blog

Мустақиллик юрт шодлиги

Мустақиллик — давлатнинг ички ва ташқи ишларда бошқа давлатларга қарам бўлмай фаолият кўрсатиши. Мустақиллик тамойилларига риоя этиш давлатлараро ўзаро муносабатларда етакчи, ҳукмрон қоидадир. Ҳар бир давлатнинг мустақиллигини тан олиш ўзаро тинч – тотув яшашнинг принсипларидан биридир. У БМТ Устави ва халқаро шартномалар ва декларатсиялари мустаҳкамлаб қўйилган. Унга риоя қилиш ҳозирги замон халқаро ҳуқуқининг асосий вазифасидир. Давлатнинг суверенитети унинг бошқа давлатлар билан муносабатларидаги мустакиллигини ҳам билдиради. Мустақиллик давлатнинг фақат сиёсий эмас, балки иқтисодий мустақиллигини ҳам англатади.

Мустақиллик инсониятнинг азалдан орзу-умиди бўлиб келган. Ана шу ғоя асосида АҚШ, Франсия, Лотин Америкаси мамлакатларида инқилоблар юз берди. 20-асрнинг 90-йилларига келиб сотсиалистик мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва озодликка интилишнинг янги босқичи бошланди. Собиқ СССР парчаланиб унинг ўрнида мустақил тараққиёт  йўлини танлаган 15 мамлакат ташкил топди. Бошқача қилиб айтганда, бу даврга келиб мустақилликка  эришиш масаласи дунёни кенг қамраб олган жараёнга айланди. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ана шу оламшумул жараён таркибида юз берди.

Мустақиллик  имкониятларини олдиндан пайқаган, мамлакат ижтимоий сиёсий жараёнларининг боришини тўғри кузатиб, тўғри баҳолай билган Ўзбекистон иттифокдошлари орасида биринчилардан бўлиб, ўз мустақиллигини эълон қилди: 1991 йил 31 август куни кабул килинган Ўзбекистон  Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнот Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий йўлини тўла қонунлаштириб берди. 1991 йилнинг августида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва ана шу қонун доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бундан кейин Ўзбекистон ССРни Ўзбекистон Республикаси деб аташ, 1-сентябрни Мустакиллик куни деб эълон қилиш, Ўзбекистон Конститутсиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, иттифоқнинг ва унинг таркибига кирадиган барча мустақил давлатларнинг олий қонун чиқарувчи идораларига, барча хорижий давлатларга ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, уларни рес-публиканинг давлат мустақиллиги эълон қилинган ҳужжатни тан олишга даъват этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки ҳуқуқий пойдевори эди.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун 17 моддадан иборат бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг асосий белгиларини аниқлаб берди. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақал-поғистон Республикаси билан бирга мустақил демократик давлат деб эълон қилинди. Ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлди, халқ давлат ҳокимиятининг бирданбир соҳиби, эгаси, хўжайини бўлиб қолди. Ўзбекистон мустақиллиги республикада адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш учун йўл очиб берди, ўз миллий давлатчилигини барпо қилишга имконият яратди.

Мустақиллик туфайли Ўзбекистон халқаро миқёсда ўзини танитиш, айни чоғда халқ-аро ҳуқуқ меъёрлари асосида жаҳондаги барча давлатлар билан тенг ҳамкорлик қилиш имкониятини қўлга киритди. Жаҳон ҳаритасида Ўзбекистон янги, ёш мустақил давлат сифатида ўз ўрнига эга бўлди. Иқтисодиётда туб ўзгаришлар қилиш учун имконият яратилди. Яъни жаҳон амалиёти исботлаган бозор иқтисодиётига ўтиш учун шароит барпо этилди. Мулкка муносабат тубдан ўзгариб, жамиятда янги мулкдорлар синфини шакллантириш учун имкон очилди.

Мустақиллик халқнинг маънавий уйғониши учун тўла имконият яратди. Юрт тарихи, қадимий маданият тиклана бошлади. Халқининг азалий урф-одатлари, маънавий қадриятлари унга қайтариб берилди. Динга муносабат мутлақо ижобий томонга ўзгарди. Шундай қилиб, қўлга киритилган Мустақиллик ўзбек халқи тарихида тамоман янги даврни бошлаб берди, миллий дунёқарашда янгича тафаккур шакллана борди. Халқ келажакка ишонч билан қарай бошлади. Ана шундай доруломон кунларга етишиш учун ота-боболаримиз, қанчадан-қанча юртдошларимиз аёвсиз  меҳнат ва  машаққатлар билан, бизга мустақил, тинч ва осуда  Ватан қолдиришди. Биз ёшлар  жонажон мустақил Ўзбекистонимизни шон-шавкатини кўтариб, янада кўркам ва обод этиб  келажак авлодга “Янги Ўзбекистон” деб тилга олинаётган қудратли ва буюк Ватан қолдирмоғимиз даркор.

Бугунги кунда мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев томонларидан  турли соҳалар бўйича чуқур ислоҳотлар олиб борилаяпти  ва янги ижобий ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Юртимизнинг барча гўшаларида қад кўтараётган кўркам бинолар она диёримиз кўркига кўрк қўшмоқда. Тобора гуллаб яшнаётган жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида изчил меҳнат қилиб келаётган барча соҳа вакилларига доно, дуогўй халқимизнинг дуолари куч ғайрат бағишлайди.

А.А  Худояров Ёшлар билан ишлаш,

                                                      маънавият ва маърифат бўлими услубчиси  

Share this post