Blog

МУСТАҚИЛЛИК-ОЛИЙ НЕЪМАТ

Ўзбекистон Республикаси ўзининг Давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 29 йил тўлди. Жаҳонга ал-Хоразмий, Ибн Сино, Бухорий, Фарғоний, Беруний,  Нақшбанд,  Темур, Навоий, Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат каби қомусий олимлар, уламолар, маърифатчилар, лашкарбошиларни берган ўзбек халқи доимо ўз юртининг  мустақил бўлишини орзу қилиб келган эди. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллигини эълон қилинди ва халқимизнинг муқаддас, тарихий орзуси ушалди. Дунё харитасида яна бир мустақил, озод, суверен давлат пайдо бўлди. Мустақил Ўзбекистон ўз Конституциясини қабул қилди, Давлат байроғи, Герби, Мадҳиясини тасдиқлади, тарихга, динга нисбатан нохолис муносабатга барҳам берилди. Ўзбек тилига Давлат мақомининг берилиши, тарихий асарларнинг кенг ўрганилаётганлиги, миллий-диний қадриятларнинг халққа қайтарилаётгани – буларнинг барчаси истиқлол берган имкониятлар бўлиб ҳисобланади.

Истиқлолнинг илк кунидан бошлаб, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш йўлини танлади, ташқи сиёсатга тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик йўли асос қилиб олинди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақилли-гини дунёдаги барча нуфузли ташкилотлар тан олди, уларнинг 120 дан ортиғи билан дипломатик, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқалар ўрнатилди.

Мустақиллик йилларида Республикада иқтисодий ислоҳотларни рўёбга ошириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бугун миллий тараққиётнинг янги босқичига хос ва мос бўлган асосий хусусиятлар, халқимиз интилаётган мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бошчилигида ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясида аниқ белгилаб берилгандир. Юртимиз йирик қурилиш майдонини эслатади. Ўзбекистони-мизда янги саноат корхоналари, турар-жой бинолари, замонавий бинолар, уйлар, шаҳарсозлик маданияти, агросаноат кластерлари, боғлар, янги хилдаги ўқув юртлари – коллежлар, лицейлар, спорт иншоотлари ва бошқалар қад кўтармоқда, улар шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартириб юбормоқда.

Мустақиллик йилларида ҳар биримизнинг ҳаётимизда, мамлакат тақдирида муҳим ўзгаришлар юз берди. Биз ўзлигимизни англаб, юртимизда ва шахсий ҳаётимизда содир бўлаётган янгиланиш жараёнларини ҳаққоний таҳлил этадиган бўлиб қолдик. Дархақиқат  шуни айтиш жоизки,  миллий ғоя иймонимиз мезонига айланиб, боқимандалик кайфиятидан озод бўла бошладик. Келажак тақдиримиз ўз фаолиятимизга боғлиқ эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

“Енгил саноат” факультети “Ёшлар билан ишлаш бўйича”

декан муовини  Д.С. Казакова

Share this post