Blog

МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ БАРЧАГА МУБОРАК БЎЛСИН !

Бухоро Муҳандислик-технология институти “Нефть-газ технологияси” факультети жамоаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги байрами муносабати бутун халқимиз ва талабаларимиз учун жамоамиз томонидан тайёрланган байрам табриги!

 

Дунё яралибдики, одамзод ҳурликнинг, озодликнинг ошиғи, мафтуни. Тарихдан маълумки, жами жангу жадаллар халқнинг эркинлигини, мамлакат мустақиллигини тортиб олиш ёки асраб қолиш учун олиб борилган. Одамнинг ҳам, халқнинг ҳам қадру қиймати унинг нечоғлик озод экани билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам “дунёда энг гўзал инсон – бу озод инсондир” .

Азалдан халқимиз олтину тиллолар учун эмас, балки эрки учун курашган халқ. Машраб бобомиз “Дили тиғи ситамдан пора бўлган халқни кўрдим, Тани дарду аламдин ёра бўлган халқ­ни кўрдим, Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим” деб ёзган бўлса, Жаҳон отин Увайсий момомиз “Замона кулфатидин бу кўнгил доғ ўлди, доғ ўлди” деб зорланиб, анор доналари каби гумбаз ичида нолон ва эрксиз ўтирган қизлар тимсолида инсон эркининг қийматини англатиб ўтиб кетганлар. Қатағон қурбонлари бўлган, айни йигитликнинг ўт паллаларида тафаккур ва қалб ҳурлигининг ёрқин намуналарини яратган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Абдурауф Фитрат каби маърифатпарварларимиз ҳам мана шу халқнинг эрки учун курашиб, шу йўлда жоннисор бўлиб кетдилар.

Мустақиллик энг аввало тинчликни кафолатлади, инсон ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлади, фуқароларимиз саломатлиги ва фаровон ҳаёти билан боғлиқ ҳолатларни яхшилашимизга имкон яратди! Эй, одамсан, одамдек яша, деди!

Қодирий бобомиз айтганларидек, мозийга назар ташлаб туриш шунинг учун ҳам хайрлики, ким эканингни, қайси оловлардан ўтиб келганингни, қандай халқнинг фарзанди эканингни ва аждодларинг нечоғли буюк бўлгани ва муносиб яшаб ўтганини англайсан одам. Бу тўҳрида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қимматли фикрларини келтирмоқчимиз: “Биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”. (Мурожаатномадан)

Ш.Мирзиёев фикридан клиб чиққан ҳолда, бир ҳақиқатни бугунги ёшларимиз англашлари лозимки, озодлик олий неъмат, фақат шу юртнинг тупроғи дардимизга малҳам бўла олади ва болаларимизнинг ҳар бири Ватанининг, халқининг корига ярай оладиган байроқдор фарзандлар бўлишлари лозим! Илдизлари минг йилликларга бориб етган бу халқ ҳар не юмуш айтса, елка тутиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимизга айлансагина биз дунёдаги энг бахт­ли халқлар сафида бўламиз.

Нефть-газ саноати факультети жамоаси Сизларни ва яқинларингизни энг буюк, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги айёми билан самимий муборакбод этамиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу-барака ва фаровонлик тилаймиз. Мустақил Ватани-мизнинг тинчлиги, гуллаб-яшнаши ва равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизда зафарлар  ёр бўлсин!

Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин!

“Ижтимоий фанлар”  кафедраси доценти Мухамеджанова Л.П.

“НГТ” факультети декан ўринбосари О.И.Мирзакулов

Share this post