Blog

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин, азиз устозлар ва талабалар!

Анвар Қурбонов  – Тўқимачилик ва чарм саноат факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини.

Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган МУСТАҚИЛЛИГИМИЗнинг 29 йиллик байрами билан барчангизни чин қалбимиздан табриклаймиз.

Юртимизда ҳар йили мустакиллик байрамини алоҳида шиор остида нишонлаш гўзал анъанага айланди. Бу йил мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллик байрами “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида ўтказилмоқда. Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар  ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Бундан йигирма тўққиз йил аввал, эндигина мустақилликка эришган,  миллий тараққиётнинг самарали йўлларини ахтараётган, жамият ҳаётини, иқтисодиётни, ҳуқуқ-тартибот тизимини, маданий-маърифий, таълим-тарбия соҳаларини янгилаётган ёш мамлакатнинг қисқа муддат ичида жаҳон ҳамжамиятининг муносиб аъзосига айланишини, тараққий топган дунё давлатлари билан бўйлашишини, онг-шууримизда, турмуш тарзимизда шу қадар катта ўзгаришлар юз беришини, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб кетишини, ўғил-қизларимизнинг жаҳон майдонларида оламшумул ғалабаларга эришишини тасаввур қилишнинг ўзи бўлмасди. Бундай ютуқларга бугун, энг аввало, ўзимиз, дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлиб турибди. Она-диёримиз улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланди. Тилимиз, динимиз, тарихимиз, миллий қадриятларимиз, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси ўзимизга қайтди.

Бугун ҳар бир фуқаронинг орзу-интилишлари рўёбга чиқмоқда, одамларнинг дунёқараши юксалиб, ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгармоқда.

Азиз устозлар ва талабалар, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан яна бир бор табриклаб, барчангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаймиз.

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Share this post