Blog

Муаллим, мураббий – мўътабар, муҳтарам зот.

“Енгил саноат технологиялари” кафедраси ўқитувчилари

Гайбуллаева Н.З, Азимова М.Н

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.
Абдураҳмон Жомий

 

Ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий омил – муаллим, унинг тафаккур дунёсидир.

Ўзининг бор меҳри ва қалб қўрини болаларга бериш , уларнинг ҳаётига маъно бағишлаш учун ўз ором ва ҳаловатидан воз кечиб, дунёда билим ва маърифатдан қудратлироқ куч йўқ эканини йиллар, асрлар давомида исботлаб келаётган сиз, муҳтарам устозлар олдида бугун бош эгиб ҳар қанча таъзим қилсак, шаънингизга энг гўзал таърифлар айтиб, самимий тилакларимизни изҳор этсак арзийди. Доимо эл юрт ўртасида обрў-эътибор топган, эъзозлаб келинган ўқитувчилик касби айниқса бугунги кунда янада катта масъулият ва маъно-мазмун касб этаётганини ҳозирги шиддатли замон, олдимизга янги-янги муаммода  яққол кўриб турибмиз. Бир ҳақиқатни чуқур англаб, унинг ҳукмронлигини амалга оширишни ўзимизга мақсад қилиб олишимиз даркор .  Бугунги нотинч, ўта таҳликали, ўзаро тортишув, манфаатлар кураши авжига чиққан замонда эртанги кунимизга, дунё тан олган давлатлар қаторига чиқишимизга фақатгина билим ва маърифатга таянган ҳолда, интеллектуал салоҳиятимизни юксак даражага кўтариш ҳисобидан эришмоғимиз мумкин. Бошқача айтганда, биз ўзимизнинг олижаноб мақсадларимизга фақат маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом, ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини чуқур англаган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган комил инсонларни, ёш авлодни тарбиялаш орқалигина етиша оламиз. Айни пайтда нафақат бугунги кунимиз, балки келажагимизга ҳам даҳлдор бўлган бу масаланинг пировард натижаси сизларнинг машшаққатли меҳнатингиз, билим ва маҳоратингизга, ватанпарварлик фазилатларингизга боғлиқ эканини ҳам ўзимизга яхши тасаввур қиламиз ва бу ишда аввало сизларга таянамиз. Биз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ўқитувчилик, мураббийлик касбида ҳеч қачон ҳоли тасаввур қилолмайдиган минг-минглаб фидойи инсонларни кўрамиз ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳар қандай инсон ана шу касб эгасининг серзаҳмат меҳнати туфайли илк бор ҳарф танийди, ёзишни,  ўқишни ўрганади. Унинг сабоқлари орқали фан оламига тетапоя қадам қўяди, қалбида беғубор орзулар куртак ёзади, кенг оламни таний бошлайди . Ана шу касб эгасининг кўз нури, соч оқлари, юрак қўри, юз ажинлари, бедор тунлари, яшаган умри эвазига тафаккури теранлашади, камолот сари юз тутади. Ҳаётда касб-корлар кўп. Албатта, ҳар бирининг ўз ўрни, қадр-қиммати, ўзига хос машаққатли жиҳатлари ва гашти бор. Лекин, улар ичида ардоқлиси – ўқитувчилик .

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, қадрли ўқитувчи ва мураббийлар сизларни касб байрамларингиз билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаймиз. Умрингиз маърифат нуридек ёруғ ва безавол бўлсин, муҳтарам ўқитувчилар!

 

Share this post