Blog

МИЛЛАТ ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ВА ҒУРУРИДИР

Миллат тили – миллатнинг руҳи ва ғуруридир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бундан  29 йил  муқаддам Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тилини асраб қолиш мақсадида мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ биринчи президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеалардан бири сифатида тан олинаган.

Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

Шуни таъкидлаш керакки, халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Мамлакатимиздаги олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидан бири мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан-техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни ҳамда шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг чоп этилишидир.

Тил – бу миллат қиёфасининг бир бўлаги ҳисобланади. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг  айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, 80 фоиз Африка тилларида сўзлашувчи аҳоли ўз ёзувларига эга эмас. Таълим тизими минглаб тиллардан фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Ҳозирги вақтда интернет тилининг 80 фоиздан кўнроғи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши  тарихда  кузатилмаган. Йўқолиб кетиш хавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

Миллат тили – миллатнинг маънавий бойлиги ҳисобланади. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, халқнинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна чорак асрдан сўнг йилдан сўнг ҳозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Мавжуд тилларининг 90%нинг ҳар биридан 100.000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда  357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг биттасидир.

Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин  Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёхванд моддалар истеъмоли туфайли  йўқ  бўлиб  кетган. Эндиликда эса кичик бир халқ ёшларининг келажаги порлоқ сифатида кўриладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Жаҳонда ҳар бир халқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори ҳисобланади. Ҳар бир халқнинг ўз тили азиз ва ардоқлидир. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан экан, у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.

Шаропова Л.Р. Бухоро муҳандислик-технология институти, магистр Сайфуллаева Л.М. Бухоро муҳандислик-технология институти, бакалавр

Нутфуллаева Л.Н. Бухоро муҳандислик-технология институти “ЕСМЖ” кафедраси катта ўқитувчиси, PhD

Share this post