Blog

“Мен таътилни қувноқ ўтказаман” шиорида тадбир ташкил этилди.

Айни кунларда мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари соғлом авлодни авайлаб асраш, болажонларимизни комил инсон этиб вояга етказиш ҳамда уларга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифалар билан чамбарчас боғлиқ ҳисобланади. Ёшларимизнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб камолга етиши, соғлом ва баркамол шахс сифатида шаклланиши учун, айни қишги таътил дамларидаги масъулият ва эътиборнинг янада кучайтирилиши, эртамиз эгаларининг ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

2020 йил 29 декабр куни Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Бухоро шаҳар 32-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун “Мен таътилни қувноқ ўтказаман” шиорида ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга янги йил совғаларини улашиш учун Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти масъуллари меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, муассасадаги яратилган шароитлар билан танишишди. Шунингдек, ташриф давомида ҳозирги кунда ёшларга берилаётган имкониятларнинг беқиёслиги, барча зарур шарт-шароитлар ташкил этилганлиги ҳамда моддий-техник база билан таъминланганлиги алоҳида айтиб ўтилиб, шундай жаннатмакон ўлкада яшаётган ҳар бир ёш фақат ва фақат билим олиши кераклиги таъкидланди.

Тадбир доирасида, спортга қизиқувчи ёшлар орасида соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, болаларни ўз қизиқишларига қараб, спорт тўгаракларига жалб қилиш, жисмонан соғлом ва ҳар тамонлама етук бўлиб етишишлари учун спортнинг шахмат-шашка, стол тениси турлари бўйича мусобақа ташкил этилиб, тадбир якунига кўра мусобақа ғолиблари эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Албатта, бу каби тадбирлар ёшлар тафаккурида ташаббускорлик ғояларини юксак даражада шакллантиришга хизмат қилиб, ёшларга оид давлат сиёсатида амалга оширилиши кўзда тутилган барча чора-тадбирлар юзасидан ижобий ишлар ўз исботини топаётганлигини барчамизга исботлаб бермоқда.

Бухоро муҳандислик-технология институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси Элбекова Эъзоза

Share this post