Blog

МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ АҲАМИЯТИ ВА РИВОЖЛАНИШ ТЕНДЕНЦИЯЛАРИ

Замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари воситаларининг таълим  жараёнига кириб келиши анъанавий ўқитиш усулларига қўшимча равишда янги ўқитиш  шакли   масофавий ўқитиш яратилишига омил бўлди.          Замонавий  технологиялар педагогик таълимни  янгича ташкил  қилинишига  асос яратади.  Бундай таълимда   педагоглар, компьютер дастурчилари ва мутахассислари ёрдамида янги ўқитиш курсларини яратишлари лозим бўлади. Замонавий  таълим тизими  ўқитувчидан масофавий ўқитиш тизимига тайёр бўлмоғини, яъни илғор ўқитиш технологияларни (Интернет, Кейс, ТВ – технологиялар ва ҳ.к.) ўзлаштирган бўлишини тақозо этмоқда. Олий таълим муассасасини бошқаришни автоматлаштириш,  ўқув жараёнига  ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури”нинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни вақтда, мазкур йўналиш бўйича XXI аср талабларига мос келувчи концептуал  қарашлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли  олий таълим муассасаларининг  айрим фаолиятларидагина ахборот тизимларини жорий этилганини кўришимиз мумкин. Олий  таълим муассасаси  фаолиятини  тўлиқ ахборотлаштириш олий таълим тизимидаги янги ислоҳотлар ҳисобига мураккаблашиб, баъзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини тақозо этмади. Бунинг учун ахборотлаштиришнинг энг биринчи вазифаси мавжуд жараёнларни реинженеринг  қилишдан иборат бўлади. Ушбу  йўналишда  Жанубий Корея, Буюк Британия, Дания, ва Россия каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилганда, ахборотлаштиришнинг асосий мақсади биринчи навбатда таълим сифатини оширишга қаратилган бўлса, кейинги ўринда жараёнларни автоматлаштириш орқали олий таълим муассасаси ходимлари ва профессор-ўқитувчилари фаолиятида кўп такрорланадиган вазифалар учун кетадиган вақтни тежашга қаратилган. Таълим сифатини  оширишда  асосий эътибор таълим контентларини яратиш ва улардан очиқ фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. Талабалар  курснинг батафсил  дастури ва мазмунини ифодаловчи материаллар тўплами билан таъминланадилар ҳамда раҳбарлик қилувчи саволларига жавоб бериб, ишни баҳоловчи ўқитувчига мурожаат қилиш имкониятига эга бўладилар. Талаба ва ўқитувчи  ўртасидаги  мулоқот телефон,  компьютер   конференциялари,  электрон  ва оддий   почталарни қўллаш  орқали амалга оширилади.  Бу моделнинг кўрсаткичлари: машғулотлар   аудиторияда олиб  борилмайди, фанлар (курслар) ни талабалар дастурдаги  батафсил йўриқлар асосида   мустақил   ўрганадилар. Масофавий таълим тизими орқали кадрлар  тайёрлаш сифатини ошириш, тингловчилар учун масофавий малака ошириш имкониятини яратиш, таълимнинг турли интерактив шаклларини бир-бирига яқинлаштиришга эришиш мумкин. Бугунги  кунда  хорижда масофавий таълимдан шахсий режа асосида уйдан туриб билим олиш, университет. институт томонидан тайёрланган видео дарслардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, шунингдек бир вақтнинг ўзида қўшимча тарзда бошқа йўналишларда таълим олиш ва шахсий қизиқишлари бўйича салоҳиятини ошириш тажрибаси кенг татбиқ қилинмоқда. Юртимиз  таълим муассасаларида  жорий қилинаётган ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ҳам келажакда бу каби имкониятлардан фойдаланишга хизмат қилади.  Юқоридагиларни хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, масофавий таълим комплексини таълим муассасаларига  жорий этилиши ҳар томонлама фойда келтиради. Олий таълим тизимида  бу комплексни жорий  қилиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Республика   миқиёсидаги   барча  олий таълим  масканлари (ОТМ) компьютер, ахборот ва коммуникация технологиялари билан яхши таъминланган.  Уларнинг  барчаси Интернет  тармоғига  уланганлар. Ушбу технологияларни таълим тизимига кенг жорий этиш ОТМлари олдига қўйилган  кўп муаммоларни  ўз  пайтида ҳал этишга ёрдам беради.  Ҳозирда фанларни компьютерлардан фойдаланиб ўқитиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Компьютер технологияларининг имкониятларидан ўқувчиларни шахсга йўналтирилган  ривожланишини, ижодий  қобилиятларини ривожлантиришда самарали  фойдаланиш мумкин.  Педагоглар   компьютердан дарсга методик материалларни тайёрлашдагина эмас, балки фанни ўқитишда зарур компьютер дастурларидан фойдаланишда, талабалар билан индивидуал ишлаш жараёнида ҳам фойдаланадилар. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, видеоконференция технология  асосидаги  масофавий ўқитиш усули юқори сифатли канал, махсус қурилмаларни талаб қилганлиги сабабли масофавий ўқитишнинг бошқа усулларига нисбатан молиявий жиҳатдан бирмунча кўпроқ маблағ талаб этадиган усуллардан ҳисобланади.

Бух МТИ “Хорижий тиллар”кафедраси катта ўқитувчиси Г.У.Ахмедова   

314-17 МДИЗ гуруҳ талабаси  Файзиева М.О.

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.