Blog

КОРРУПЦИЯ –ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Ҳозирги вақтда жамиятимизнинг кўп сонли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий муаммолари орасида коррупцияга қарши кураш муаммоси айниқса муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида қурилиш ва таълим соҳалари танланди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошира бошлади. Мазкур лойиҳа доирасида 2019 йил 13 декабрида Бухоро муҳандислик-технология институтида “Олий математика” кафедраси профессори М.Ш.Пўлотова раҳбарлигида “Биз ёшлар – коррупцияга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда институт раҳбарияти, гуруҳ мураббийлари ва талабалар иштирок этишди.

 

Тадбирда институт ректори, проф. Н.Р.Баракаев сўз олиб,  янгилаётган мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар жамият ривожини янги сафат босқичига кўтармоқда, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат эканлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш ғоят долзарб вазифа этиб белгиланганлигини, Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида айнан олий таълим соҳасида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш белгилаб қўйилганида чуқур маъно борлигини алоҳида уқтириб ўтди. Коррупция таълим-тарбия тизими учун энг катта хавф сифатида эътироф этди.

Тадбирда сўз олган проф.М.Ш.Пўлотова, илмни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйиб келган, нопок ишлардан ҳазар қилган, маънавияти ва маданияти юксак бўлган ўзбек халқи учун коррупция мутлақо ярашмайдиган иллат эканлигини баён қилиш билан бирга, эндигина ҳаёт йўлларида қадам ташлаётган, беғубор қалби, мусаффо кўзлари ила ўз келажагига ишонч билан боқиб турган ёш йигит-қизларни коррупция домига тортиш бу – энг мудҳиш жиноят саналишини жамоатчиликка етказди. Мамлакатимизда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи бўлган таълим-тарбия муҳитини шакллантириш бугун ҳар бир профессор-ўқитувчининг муҳим ва устувор вазифаси эканлигини, бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, таълим тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган муаммоси эканлигини қайд этди.

Шуниндек, ижтимоий фанлар кафедраси мудири Ф.Бафоев коррупция тушунчаси,унинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида раҳбар, педагог-ходимлар ва талаба-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишнинг долзарб вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Тадбир якунида институтнинг “Нефт ва газ саноати технологияси” факультети талабалари томонидан “Коррупция –тараққиёт кушандаси” маърифий кечаси ўтказилди. Унда 210-19 НГК гуруҳ талабалари ўз чиқишларида коррупция иллатининг келиб чиқиши, унинг салбий оқибатларини ҳаётий лавҳаларни саҳналаштириб, тадбир иштирокчиларига намойиш этишди.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги кенг жамоатчиликка етказиш ҳамиша кун тартибида туради. Иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг таг-томири билан йўқотишда таълим тизимининг ўрни беқиёс эканлиги барчага маълум.

Share this post