Blog

Коронавирусдан ўзингизни асранг

Бухоро муҳандислик технология институти “Энергоаудит” кафедраси Муродов К.Ж., Пиримов Р.Р., Шобоев А.Ҳ.

Мақолада, “Коронавирус касаллиги, унинг салбий оқибатлари, ундан қандай химояланиш мумкинлиги хусусида сўз юритилади”.

Коронавирус – вируслар оиласига мансуб бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Касаллик хасталанган одамлардан ҳаво-томчи хамда маиший мулоқот йўли билан юқади.

Беморларда умумий ҳолсизлик, тумов, йўтал, бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг ортиши, зотилжам кузатилмоқда. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг грипп касаллигидан фарқи шундаки, ушбу касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори, чунки ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолига қўлни совунли сув билан ювгандан сўнг спирт билан ишлов беришни, шамоллаш белгилари бўлган беморлар билан яқин мулоқотда бўлмаслик, йўтал, иситма, нафас олиш қийинлашганда тезлик билан шифокорга мурожаат этиш лозимлиги тавсия этилмоқда.

Организмнинг инфекцияга қарши курашувчанлигини ошириш мақсадида витамин ва оқсилларга бой бўлган маҳсулотларни, пиёз, саримсоқ, цитрус мевалар, наъматак меваларидан тайёрланган дамламалар истеъмол қилиш лозим. Касаллик юқмаслиги учун, жамоат жойларида докадан тикилган ниқоб ёки бир марталик респираторларни тақиш тавсия этилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, нафақат коронавирус, балки барча юқумли касалликларнинг олдини олишнинг энг самарали усули, бу шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига қатьий амал қилиш, аҳоли ўртасида, шу жумладан профессор-ўқитувчи, ходимлар ва талабаларимиз ўртасида санитария тарғибот ишларини ташкил этишдан иборатдир.

Юқумли касалликларнинг олдини олиш, нафақат тиббиёт ходимларининг вазифаси, балки ўзини, оила-аъзоларини, Ватанимизнинг эртанги келажаги бўлмиш фарзандларимизнинг соғлиғи учун қайғурган барча фуқароларимизнинг шарафли бурчидир.

Шу сабабли ушбу касаллик ҳақида баён этилган қуйидаги маълумотларни билиш ва тасаввурга эга бўлиш жуда муҳим ҳисобланади.

Коронавирус инфекцияси (COVID-19) – ҳаво-томчи ва маиший-контакт йўли билан тарқалувчи, ўпка тўқималарини зарарлашга мойил бўлган, симптомсиз вирус ташувчиликдан то касалликнинг оғир клиник кўринишида намоён бўладиган шаклигача олиб келадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, интоксикация, юқори ва пастки нафас йўлларининг яллиғланиш жараёни, ўткир респиратор дистресс синдроми билан кечувчи пневмония ва сепсис ривожланиш хавфи билан тавсифланади.

Инкубацион давр муддати 2 дан 14 кунгача, ўртача 5-7 кун. Умумий популяциядаги клиник белгилар диапазони касалликнинг енгил босқичидан критик ҳолатнинг ривожланишигача ўзгаради.

COVID‑19 клиник вариантлари ва намоён бўлиши қуйидагича кузатилиши мумкин:

  1. Симптомсиз шаклида шикоятлар ва клиник белгилар кузатилмайди, ўпка – асбоблар ёрдамида кўрилганда, патологик ўзгаришлар аниқланмайди.
  2. Клиник кўринишлари;

– Юқори нафас йўлларининг зарарланиши:  ринит,  фарингит.

– Пастки нафас йўлларининг зарарланиши:  вирусли пневмония.

– COVID-билан боғлиқ, ўпкадан ташқари зарарланиш:  гастроэнтерит, нефрит, миокардит, хид билиш нерви яллиғланиши, менингит, энцефалит, полинейропатия ва бошқа.

  1. Оғирлик даражаси бўйича,

–  енгил,

-ўрта оғир,

-оғир,

– ўта оғир/критик.

  1. Кечиши бўйича,

–  ўткир,

-узоқ муддатга чўзилувчан,

-асоратлар.

COVID-19 билан боғлиқ белгилар ва хавф омиллари:

Клиник кечишидаги белгилар кўп холатда кузатилади:

– Тана ҳароратининг ошиши (83–99%),

-йўтал (59–82%),

– умумий холсизлик (44–70%),

– иштаҳанинг йўқолиши (40–84%),

–  ҳансираш (31–40%),

–  мушаклардаги оғриқ (11–35%).

Бошқа носпецифик белгилар:

– томоқдаги оғриқ,

-бурун битиши,

–  бош оғриғи,

–  диарея,

–  кўнгил айниши ва қусиш,

–  ҳид билиш ҳусусиятининг йўқолиши (аносмия) ёки таъмни сезмаслик (агевзия), респиратор белгилардан аввал бошланади.

Қариялар ва иммунитети сусайган инсонларда кузатилиши мумкин:

-тана ҳарорати ошмасдан атипик кечиши,

–  умумий холсизлик,

–  эътибор ва жисмоний фаолликнинг пасайиши,

– диарея,

– иштаҳанинг йўқолиши,

– делирий (нейрокогнитив бузилишлар) ривожланиши.

Болаларда тана ҳароратининг ошиши ва йўтал катталарга нисбатан камроқ намоён бўлади.

Касалликнинг оғир кечишига олиб келувчи хавф омиллари  60 ёшдан катталар (ёш катталашган сари хавф ортади).

– Мавжуд касалликлар: диабет, гипертония, юрак касалликлари, ўпканинг сурункали касалликлари, цереброваскуляр (инсульт ва миокард инфаркти) касалликлар, буйрак сурункали касалликлари, иммуносупрессия(иммунитет пасайиши) ва саратон – юқори ўлим кўрсаткичи билан боғлиқ.

Касалликнинг енгил шаклда кечиши белгилар (симптомлари)га қуйидагилар киради:

– тана ҳароратининг 38° С гача кўтарилиши, (ёки умуман тана ҳароратининг ошмаслиги),

-терлаш,

–  умумий холсизлик,

–  йўтал,

–  бетоблик,

–  тумов ёки томоқдаги оғриқ,

–  томоқ қичишиши ва ачишиши, кўнгил айниши,

–  қусиш ва (ёки) диарея,

–  мушакларда ва танадаги оғриқ,

–  бош оғриши,

–  ҳид ва таъм билиш ҳусусиятининг йўқолиши.

Агар сизни шунга ўхшаш касаллик безовта қилса:

-уйда қолинг,

-Сизда вирусли инфекциянинг аломатлари мавжудлиги ҳақида ишдаги рахбариятни огоҳлантиринг,

– бошқа оила аъзоларидан ўзингизни алоҳидаланг (яккаланг),

-ўзингизни поликлиникангизга (Шахар ёки Қишлоқ оилавий  поликлиникага (ҚОП)га) телефон қилинг,

– даволовчи умумий амалиёт шифокорингизга (УАШ) СМС орқали Сизда аломатлар мавжудлиги тўғрисида хабардор қилинг.

Қуйидаги кўрсаткичлар бўйича назорат олиб боринг

-нафас олишлар сони,

-тана ҳарорати,

-юрак уришлар сони,

-нафас қисилиши,

-йўталнинг пайдо бўлиши/кучайиши,

-пульсоксиметр кўрсаткичлари (мавжуд бўлса).

Ушбу кўрсаткичларни умумий амалиёт шифокорингизга (УАШ) жўнатинг.

-кўп миқдорда суюқлик истеъмол қилинг (сув, чой, дамламалар),

-тана ҳароратини пасайтириш учун шифокордан маслахат олинг,

-асосий касаллик буйича даволанишни давом эттиринг (гипертензия, қандли диабет,  астма ва бошқалар мавжуд бўлса),

-3-5 кун давомида иситманинг мавжудлиги ёки қисқа муддат давомида яна пайдо бўлган ҳолатларда, йўталнинг пайдо бўлиши/кучайиши кузатилганда, ўз умумий амалиёт шифокорингизга (УАШ) мурожаат қилинг. У, Сизга тегишли бўлган даво чораларини ёзиб беради.

Иммунитетни оширишнинг табиий усули:

Иммунитетни ошириш учун албатта дорилар қабул қилиш шарт эмас.

Иммунитетни, мевалар ва сабзавотлар: помидор, апельсин, лавлаги, бақлажон ва тарвуз мустаҳкамлайди. Бу маҳсулотларни фаол истеъмол қилиш билан бир ҳафтадан кейин ижобий натижага эришиш мумкин.

Бу маҳсулотлар (саримсоқ ва бошқа) бактериялар ва вирусларга қарши хусусиятларга эга. Бундан ташқари, улар моддалар алмашинувини тезлаштириш ва ортиқча вазнни йўқотишда ёрдам беради.

Шамоллашга учрамасликнинг яна бир усули янги мева ва сабзавот шарбатларини ичиш ҳисобланади. Мазкур маҳсулотлар бизнинг бозорларимизда жуда кўп, айниқса ҳозирги ёз фаслида Бухоро вилоятида олма, нок, олхўри, қовун, тарвуз, шафтоли ва бошқа мевалар маромида пишиб етилган.

Ўзингизни ва оила аъзоларингизни асранг.

Фойдаланилган адабиётлар

1.COVID-19 ни енгил шаклда кечираётган беморларни уй шароитида олиб бориш бўйича вақтинчалик қўлланма, 2020 й.Тошкент ш.

Share this post