Blog

Карантин муддатини сабр-қаноат билан ўтказайлик

Латофат Султонова

БМТИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

      Асрлар давомида инсоният ўз бошидан не-не суронли кунларни ўтказган. Ана шундай қийин даврларда ҳам киши изланишдан, кашфиёт қилишдан, ривожланишдан тўхтамаган. Шундай дамлардан ҳам ҳикмат излаб, бахт ҳиссини туйиб яшаганлар бор. Пандемия таҳдиди шароитида ҳам Ўзбекистон тизимли режа билан иш олиб бораётганини тан олишимиз керак. Ҳукуматимиз қатъий карантин талабларини бажарилишини назорат қилиш билан бир қаторда, муҳтож оилаларга моддий кўмак бериш,

қариялар саломатлигини алоҳида назоратга олиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун онлайн дарслар ва турли йўналишларда танловлар жорий этиш каби масалаларни ҳам эьтибордан четда қолдираётгани йўқ.Кўпгина касб эгалари учун масофадан туриб фаолият олиб бориш белгиланди. Фуқароларимизнинг карантин даврини мазмунли ўтказишга қаратилган таклифлари ўрганилиб, улар асосида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ўқувчи ва талабалар учун телеканалларда кунлик онлайн дарслар бериб борилмоқда. Фақатгина фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар уларнинг фанларни ўзлаштиришини вақтида назорат қилсалар бўлгани. Ёки бўлмаса, маданият, саньат, спорт, тадбиркорлик соҳаларига қизиқувчилар учун эълон қилинган “Уйда қол!”, “Ҳаётга қўшил!”, “Sportchellenge”, “Уйдаги юлдузлар”, “COVID 19_Challenge2020”, “Уйда қолинг – фойда олинг”, “5 ташаббус уйда”, “Бирмиз – қалбан биргамиз” каби челленжлар, совринли онлайн танловларни айтишимиз мумкин. Барчаси оддий, лекин одамга мотивация беради, уйда бўлиб ҳам кўп нарсаларни уддалаш мумкинлигини исботлайди.                        Шу ўринда кексаларимизни ҳар қачонгидан ҳам асраб-авайлашимиз, масофадан туриб бўлса ҳам, меҳримизни аямаслигимиз лозим. Зеро, кексалар – ҳаётимиз донишмандларидир.Аслида карантин даври бу – бўш қолиш учун фурсат эмас. Вақт тўхтаб қолди, дейишга шошилмайлик. Ҳаммаси аввалгидек давом этиши учун барчамиздан ҳамжиҳатлик талаб этилади. Уйда қолинг! Ҳаёт давом этмоқда, ўтаётган кунларимизни мазмунли ва фойдали ташкил этиш эса, ўзимизнинг қўлимизда. “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган даъват буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз томонидан айни шу мақсадда айтилган.                                                       Яхши ният қилиб ҳар ким қўлидан келган ҳунар билан шуғулланса, карантин даври ҳам фойдали ўтади. Энг муҳими, бугун уйда қолиб бажараётган фойдали машғулотингиз эртага ўз самарасини беради. Ҳурматли ватандошлар, зарурат бўлмаса кўчага чиқмалик ва уйимизда қолайлик. Карантин талабларига қатъий риоя қилайлик .  Бу билан биз нафақат ўзимизни, балки фарзандларимизни, яқинларимизни ва бутун Ўзбекистон халқини асраган ва коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишга жуда катта ҳисса қўшган бўламиз. Келинг, соғлиғимизга қаратилган тадбирларга тўлиқ риоя қилиб, карантин муддатини сабр-қаноат билан ўтказайлик.

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *