Blog

ЙИГИТ БОШИ ОМОН БЎЛСА…

Ўзбек халқи азалдан матонатли, сабр-бардошли халқ. Кўҳна тарих саҳнаси қанчадан-қанча машаққатларни енгиб, юрт ўғлонларини қурбон қилиб ғалабаларга эришганлигига гувоҳдир. Эл бошига иш тушса унинг мард инсонлари синалади.

Яқиндагина Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида бўлиб ўтган табиий офат халқимиз иродасини яна бир бор синовдан ўтказди десак муболаға бўлмайди. Кучли тўфон оқибатида юзага келган тартибсизликларни бартараф этиш, халқ дардини тинглаш, унинг руҳиятини кўтариш мақсадида 28 апрел куни Юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг Бухоройи шариф заминига ташриф буюришларини биз учун катта шараф эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, тўфондан катта талафот кўрган Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси, раҳбарияти билан бўлган учрашувда Президентимизнинг юракдан, самимий сўзлаган нутқлари халқимиз дардига малҳам бўлди десак ўринли бўлади.

Ҳозирги кунда юзага келган вазият деҳқонларимиз шижоатини пасайтирмаслиги хусусида берган алоҳида кўрсатмаларига мувофиқ арпа экилган майдонлар ҳосили пишай деб турган айни паллада юзага келган ноқулайликни бартараф этиш йўлида, арпанинг ўрнига пахта экиш мумкинлиги маслаҳатини берган Юртбошимиз аграр соҳанинг кучли билимдони эканликларидан дарак беради. Жорий ҳолатда халқимиз, деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз учун яратилаётган шароитлардан халқимиз миннатдор. Бир тарафдан коронавирус пандемияси туфайли чекланган иш фаолиятида ҳам бободеҳқон халқ дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсаддида қилаётган меҳнатларини эътироф этиш бу мардликдир. Энг асосийси Президентимиз халқ бошига келган бу балою офатларни бартараф этишда “ўзим ҳаммасига ёрдамлашаман, ҳеч нарсани ташвишини қилманглар” деб дардкашлик сифатида билдирган фикрлари ҳар бир инсон қалбида оталарча ғамхўрликни ҳис қилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, халқимизда “йигит боши омон бўлса, моллик бўлар молсиз бўлмас”- деган нақл бор. Дарҳақиқат, мол кетса топилар, лекин жон кетса у қайтиб топилмайдиган олий қадрият. Инсон зоти ҳар қандай мушкулотларга бардош қилади, йўқотган молини, уйини топиши мумкин, лекин саросимага тушиб, ўзлигини йўқотса, обрўси ва мавқеини бой берса унинг ҳаётда қайта тикланиши қийин кечади. Шунинг учун, биз бухороликлар Президентимизнинг айнан Бухорога ташрифларидан руҳланиб, янада олға қадам ташлашга, йўқотилган нимаики имкониятлар бўлса қайта тиклашга ўзимизда матонат топа оламиз. Бу борада бизнинг Бухоро муҳандислик технология институтида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса муқаддас Рамазон ойида ҳар бир мўмин-мусулмон иродаси, сабр-бардоши, саховати намоён бўладиган бир пайтда биз зиёлилар бир ёқадан бош чиқариб бизга билдирилган Президентимиз ишончини оқлаймиз.

Ўктам Ёдгоров БухМТИ

“Чизма геометрия ва муҳандислик графикаси”

 кафедраси мудири, доцент

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.