Blog

ИСТИҚЛОЛ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

1991 йил халқимиз солномасида зарҳал ҳарфлар билан сана сифатида мангуликка муҳрланди. 130 йил давом этган истибдоддан сўнг миллатимиз мустақилликни қўлга қиритди. Аввал Чор Россияси, кейин қизил империя даврида жуда мудҳиш сиёсий вазият ҳукмронлик қилган эди. Миллий истиқлол ҳаракатига «босмачилик ҳаракати» деб ном берилиши ва Ватан озодлиги учун курашган фидойиларнинг оммавий равишда ўлимга ҳукм қилиниши, 37-йиллар қатағони,  яъни миллатнинг энг заковатли, истеъдодли, илғор фикрли зиёлиларнинг «халқ душмани» сифатида жазоланиши, 50-йилларда айни шу қатағоннинг қайта такрорланиши халқимиз учун катта йўқотиш бўлди. Мустақиллик учун олиб борилган курашда минг-минглаб ота-боболаримиз ҳаёти қурбонликка берилган. Мустақиллик йилларида ҳам турли хил сиёсий оқимлар, диний-экстремистик гуруҳлар халқнинг тинч ва осойишта ҳаётига раҳна солишга қайта ва қайта ҳаракат қилишди.  Биз бу улуғ неъматни қадрлашимиз, асраб-авайлашимиз шарт ва зарур.

Шахсга сиғиниш, турғунлик, қайта қуриш деб номланган даврда халқни асоратда ушлаб туриш учун уни динидан, ўз тарихидан ва миллий маданиятидан ажратиб туриш кўзда тутилган эди. Истаймизми, йўқми, бу сиёсат ўз натижасини берган ва интеллектуал салоҳиятнинг оммавий пасайишига эришилган эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ана шу ҳолатни бартараф этишгадиққат қаратилди.  1991 йилнинг Алишер Навоий деб номланиши нафақат халқнинг руҳини кўтариш, балки халқпарварлик сиёсати ва унга ўзининг асл даражасини эслатувчи  белги эди.

Истиқлол йилларида халқимиз ўзининг қудратли куч эканлигини жаҳонга намоён қила олди. Дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган Беруний, Ибн Сино, ал-Хоразмий сингари юзлаб даҳоларни тарбиялаган халқ яна ўзининг ақл-заковати билан жаҳонни лол қолдира бошладики, ёшларимизнинг халқаро олимпиадаларда эришаётган натижалари шундан гувоҳлик беради. Илм-фанга қаратилган эътибор миллатнинг келажагига ва давлатнинг қудратига қаратилган эътибордир. Мавжуд ютуқларимизнинг асоси таълимга давлат миқёсида юксак эътибор қаратилганлигидадир.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлабоқ барча тармоқ ва соҳаларда янгиланиш бошланган эди, ана шу жараён бугун энг қизғин паллада, жадал суръатларда давом этмоқда. Иқтисодиёт, фан, таълим, спорт, ички туризм, хуллас, барча соҳаларда дунёнинг илғор тажрибасига асосланган тизим татбиқ қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳар биримизнинг зиммамизга катта бурч ва масъулият юклайди.

Чет тилларни чуқур ўзлаштиришга, жаҳон адабиётидаги дурдона асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ва ўзбек ёзувчи ва шоирларининг асарларини бошқа тилларга таржима қилишга кенг имконият яратилди. 1997 йилда «Жаҳон адабиёти» журналига асос солинди.  Ўрта таълим мактабларида чет тилини ўргатишнинг янги тизими жорий қилинди.

Республика миқёсида ўзаро ҳамкорликдаги олий ўқув юртларининг ташкил қилиниши бу йўлда янги қадам бўлди. Жумладан, БухМТИда ҳам бир нечта хорижий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Талаба бир вақтнинг ўзида иккита олий ўқув юртига ўқиш ва иккита дипломга эга бўлиши мумкин. Бу эса уларнинг ўз юртида ва хорижда малакали ходим сифатида ишлашига имкон беради.

Ютуқлар ўзимизники, ҳар қанча фахрлансак арзийди, аммо ҳали олдимизда босиб ўтишимиз керак бўлган қанчадан-қанча марра ва довонлар турибди. Бу йўлни босиб ўтиш учун катта куч ва билим, тинимсиз изланиш зарур.  Билим ва ҳаракат ўзаро бирлашмас экан, куч ва қудрат касб этолмайди. Ҳар биримиз ана шу ҳақиқатни теран англаган ҳолда ўқиш ва ўрганишдан тўхтамаслигимиз керак. Ватанга садоқат ва миллатга хизмат фидойиликни талаб қилади. Ана шу туйғуни дилимизга жо қилсак, ёшларимиз қалбига ҳам шу туйғуни сингдирсак, албатта, кўзлаган барча орзу ва мақсадларимизга биргаликда эриша оламиз.

Дилором БАРАКАТОВА – «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси катта ўқитувчиси,

Бухоро муҳандислик-технология институти

Share this post