Blog

Институт ректорининг байрам табриги!

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана 1991 йил 1сентябрь халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду-хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир. Бу йил Ватанимиз, мамлакатимиз истиқлолининг шонли санаси – миллий мустақиллигимизнинг 29 йиллиги нишонланаяпти. “Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!”-деганда шоир ҳақ сўзни айтган: одам фарзанди учун ватан бамисоли онадай, бамисоли отадай, бу ёруғ оламда битта, ягона.

Мана 29 йилдирки, она юртимиз бағрида мазмуни ва кўлами асрларга қиёс қилгулик улуғвор, ҳайратомуз ўзгаришлар, салмоқли ижтимоий силжишлар юз бермоқда, халқимизнинг турмуш тарзи, маънавий қиёфаси бойиб, сифат жиҳатидан ўзгариб, камалак рангларидек янги жилолар кашф этиб бормоқда. Бу эса, шубҳасиз, бахтиёр замондошларимизнинг олға томон ҳаракатларида, интилишларида, уларнинг юксак эзгу мақсадлар сари хайрли изланишларида ўз ижобий самарасини намоён этмоқда. Миллий истиқлол бамисоли сеҳрли мўжиза янглиғ беркилиб қолган булоқлар кўзини очиб, минг-минглаб ташна лабларга оби ҳаёт ато этганидек, юртимиз одамларининг ҳам юзларига қувонч, кўзларига зиё бағишлаб, эмин-эркин қилиб, уларнинг ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида жавлон уришлари, ўз истеъдоду иқтидорларини, ижодкорликларини тўла-тўкис намоён этишлари учун кенг уфқлар очиб берди. Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгарди. Нафақат кўчалар ва хиёбонлар, жамият ва одамлар ҳам ўзгариб, юртдошдаримиз эркин фикрлай бошладилар. Ҳар кимнинг ўз вазифасига нисбатан масъулияти ҳам ортди. Шу билан бирга ёшларда Ватанга садоқат ҳисси кучайди. Шу қисқа давр ичида Олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Янги институт, университетлар очилди. Янгидан янги таълим йўналишлари ташкил этилди. Бир қатор хорижий олий таълим муассасаларининг юртимизда филиаллари талабаларни ўзига қабул қила бошлади. Малакали кадрларни тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди.

Инсон учун озодликдан қадрли неъмат йўқ. Дунёдаги жамики бунёдкорлик ва яратувчанликнинг асоси – озодликдир. Тарихан қисқа бир даврда, аввало эл-юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлати, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир.

Яна бир бор барчамиз  учун “Энг буюк ва Энг азиз”  байрам бўлмиш Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз  йиллиги  айёми  муборак бўлсин. Мустақиллигимиз абадий, тинчлигимиз бардавом, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

 Нусратилла Баракаев

Share this post