Blog

Институтим – менинг фахрим

 

Д.Х.Бафоев (“Технологик машина ва жиҳозлар” кафедраси катта ўқитувчиси)

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Илм ҳақида Оразийнинг қуйидаги сатрларига эътиборни қаратайлик:

 

Ер юзи бир дашту саҳро бўлса, гулзори илм,

Саҳнаи оламни бўлмоқда намудори илм.

Илму фан бирла қуролланмоқда сардори илм,

Илм ўқи, ҳеч бир жонга еткурмайди озор илм.

 

Ҳа, илм ҳақида, унинг кучи ва қудрати ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча камдир. Илмнинг кучи-қудрати ҳақидаги Абдибек Шерозийнинг фикрларини ўқиймиз: “Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Дунёда қандай ёвузлик содир бўлган бўлса, уларнинг ҳаммаси нодонлик орқали келиб чиққан. Энг зўр ҳалокат нодонлик, инсонийликни битирувчи ҳам нодонликдур. Яхши таҳсил кўрган ва илм нури билан ҳулқини яхшилаган аёл ҳар ерда иззат топади. Илм — аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан қутқарган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди.”

Илм мартабаси мартабаларнинг зўридир, деган гап шубҳасиз тўғри. Қайси ерда илму маърифат кучли бўлса, ўша ер бахт маскани ҳисобланади. Қайси ерда нодонлик мавжуд бўлса, у ер қуруқ ёки тошлоқ жой кабидир.

Гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм одамларни бахтиёр қилади, мартабасини баландлатади. Илмдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир.

Мактаб – мўътабар маскан. Билимлар оламига илк қадам, ўзликни англаш, касб-ҳунарга интилиш, беғубор орзулар айни шу гўшадан бошланади. Мактабни тугатгандан сўнг эса ҳар бир ёш ўз келажагига пойдевор қўйишни бошлайди – кимдир ҳунар танласа, яна кимдир илм олишни давом эттириш учун янги билим даргоҳини танлайди. Мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари учун етакчи мутахассисларни тайёрлаб берувчи ана шундай билим даргоҳларидан бири бу – Бухоро муҳандислик-технология институтидир.

Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 апрелдаги ПҚ–1954-сонли қарорига асосан Бухоро муҳандислик-технология институти ташкил этилди. Институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 5 минг нафардан ортиқ талаба ва магистратура мутахассисликлари бўйича 100 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.

Институтда 400 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар –  фан докторлари, профессорлар, фан номзодлари, доцентлар, фалсафа докторлари фаолият кўрсатмоқдалар.

Бухоро муҳандислик-технология институти асосий фаолияти машинасозлик, энергетика, электротехника, енгил саноат, тўқимачилик, озиқ-овқат, нефт-газ ва кимё саноати, архитектура ва қурилиш, биринчи навбатда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ва “Жиззах” махсус индустриал зоналаридаги корхоналарининг юқори малакали муҳандис ва муҳандис-технологларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида бакалавриат ва магистратура тизимида юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, шунингдек касб хунар коллежлари махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш усталарининг малакасини ошириш, ўқув жараёнини илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш фаолияти билан интеграцияси ҳисобланади.

Институтнинг 4 та ўқув биноси, 2 та талабалар турар жойи, замонавий спорт зали ва академик лицейни ўз ичига олади.

Институтдаги юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун шароитлар яратилган, у ерда мустақил тадқиқотчилар, докторантлар изланишлар олиб бормоқдалар.

Замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари воситаларини таълим жараёнига кириб келиши анъанавий ўқитиш усулларига қўшимча равишда янги ўқитиш шакли – масофавий ўқитиш яратилишига омил бўлди.

Ҳозирги пандемия шароитида институтда масофавий таълим тизими кенг йўлга қўйилган. Масофавий таълимда таълим олувчи ва ўқитувчи фазовий бир-биридан ажралган ҳолда ўзаро махсус яратилган ўқув курслари, назорат шакллари, електрон алоқа ва Интернетнинг бошқа технологиялари ёрдамида доимий мулоқотда бўладилар. Интернет технологиясини қўллашга асосланган масофавий ўқитиш жаҳон ахборот таълим тармоғига кириш имконини беради.

Масофавий ўқитиш барча таълим олиш истаги бўлганларга ўз малакасини узлуксиз ошириш имконини яратади. Бундай ўқитиш жараёнида таълим олувчи интерактив режимда мустақил ўқув-услубий материалларни ўзлаштиради, назоратдан ўтади, ўқитувчининг бевосита раҳбарлигида назорат ишларини бажаради ва гуруҳдаги бошқа «вертикал ўқув гуруҳи» таълим олувчилари билан мулоқотда бўлади.

Институтда таълим олиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун яратилган шароитлардан барчага фойдаланиб қолишни таклиф қилган бўлар эдим. Чунки мен ўз институтим, у ерда яратилган имкониятлар ва шароитлардан фахрланаман.

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир” (А.Навоий). Изоҳга ҳожат йўқ… Мен ўзим фахрланадиган, мамлакатимиз равнақи учун етук кадрлар тайёрлаб берадиган севимли институтим – БУХОРО МУҲАНДИСЛИК-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИга атаб қуйидаги шеърий сатрларни битдим.

 

 

Бухоро шарқ гавҳари –  қадим ва азал,

Унинг номи муқаддас бутун оламда.

Хонанда ва шоирлар битарлар ғазал,

Оҳанг чалар созда-ю, шеърлар қаламда.

Руҳ бағишлар етти пир зиёратгоҳи,

Обидаю, минора  – ўзгача бир табиат.

Муҳандислик-технология даргоҳи,

У ерда билим олиш –ажойиб бир хосият.

Ҳар бир киши илм истар доим, узлуксиз,

Адашмаслик ҳар бирининг орзу ҳаваси.

Ният қилинг, марҳамат, хуш келибсиз,

Даргоҳ очиқ,  мавжуд бунда ҳаммаси.

Илм излаб келган ҳар бир инсон зотини,

Сен олурсан бағрингга, берарсан билим.

Лозим топдим кўтармоққа кўкка отини,

Истеъдодлар олами, маҳлиё этган дилим.

Кирганлар ҳеч қачон бўлмас пушаймон,

Талабалик гаштин суриш насиб қилганда.

Етказганга шукур дея, хурсанд, беармон,

Хаёллари сархуш бўлиб даврон сурганда.

Навқирон йигитлар юрар гердайиб,

Оташин қалбларда фахр ва ғурур.

Лобар қизлари ҳам турар жилмайиб,

Оллоҳга айлабон беминнат шукур.

Гоҳида қийналиб, гоҳи завқ билан,

Изланар бу ёшлар, бирга, ҳамнафас.

Янги ғояларга тўлганда олам,

Ихтиро боғидан олурлар нафас.

Нурафшон йўлларинг текис ва равон,

Сенинг келажагинг ёрқин ва порлоқ.

Ташаббус кўрсатиб келарсан мудом,

Истайсан илғорлар сафида бўлмоқ.

Таълим олиш – сенинг қадринг-қимматинг,

Унинг кучи умрбод кўкракка қалқон.

Тоғдек кўтарилар шаънинг-шуҳратинг,

Илмдан бир шулъа дилга тушган он.

Share this post