Blog

ИНСОН ЎЗИНГ, ИНСОН ЎЗИНГ

 

Бух МТИ, “Ижтимоий фанлар” кафедраси

доценти Бозарқул Каримов.

Салохов А.К

“Ижтимоий фанлар” кафедраси  катта ўқитувчиси

Инсоният ҳаётида бугунги кунда глобал шакл касб этган ва пандемия деб юритилаётган каронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ масалалар катта хавф – хатарини келтириб чиқармоқда. Агар инсоният бу иллатни олдини олмай бефарқ бўлса, каронавирус инфекцияси геометрик прогрессия шаклида кўпайиб жуда ёмон оқибатларга олиб келиши бугунги кунда сир бўлмай қолди.

Донишмандлик тимсоли бўлиб қолган Суқротдан нимани билдинг деб сўраганларида “Ҳеч нарсани билмаслигимни билдим” – деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, кўзга кўринмас вирус бугунги кунда инсониятни қийин аҳволга солиб қўйди қўйди. Ҳали биз билган ва билмаган муаммолар кўп эканлигига шубҳа йўқ.

Қадимги дунё донишманди Суқрот, яна, инсонга “Ўз – ўзингни англа” деб хитоб қилган эди. Бугунги карантин қабул қилинган кунларда ҳар бир инсон ўзини англашда, ички дунёсига мурожаат қилишга, бу оғир – қийин вазиятлардан чиқиб кетишга куч ва имконият топиши керак деб ҳисоблаймиз.

Қадимги Ҳинд эпоси “Маҳабхарата”да шундай жумлаларга дуч келамиз:

 

Одамзод ўзини улуғлайверсин,

Ўзидан кўнгли бўлсин тўқ.

Чунки, одамзоднинг ўзидан бошқа,

Дўсти ҳам йўқ, душмани ҳам йўқ.

 

Бу мисралар яхшиликлар, муваффақиятлар, ўсиш – улғайиш ва бошқа ижобий ҳислатлар ҳам одамнинг ўзида ёки аксинча ёмонлик, муваффақиятсизликлар, тушкунлик, ваҳима ва ҳ.к.лар ҳам инсоннинг ўзида мужассам эканлиги баён қилинган. Бундан ҳам керакли хулосаларни чиқарсак – ҳозирги муаммоларни ҳал қилишга ўзимизда куч ва имконият топамиз.

Қадимги юнон файласуфи Демокрит оламда нарсалар атомлардан тузилган деган гепотетик фикри ХIХ асрга келиб ўз исботини топди ва бу кашфиёт инсониятга битмас – туганмас энергия манбасига (атом электр станциялари) эга бўлишига сабаб бўлди. Шу билан бирга инсониятни ёстиғини қуритадиган атом ва ядро қуролларга ҳам эга бўлдик. Бу ҳолатни Ўзбекистон халқ шоири Эркин Вохидов шундай тасвирлаган эди.

 

Заррани ижод этиб,

         Даҳшат бало бунёд этиб,

Оқибатни ёд этиб

         Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

 

Инсоният муаммолари қаторида биз дуч келган каронавирус балосини ҳам, инсоният албатта жиловлайди, бунга ишончимиз комил. Чунки, инсонга ақл – идрок, сабр – тоқат берилган ва гап бундан биз қай даражада фойдалана олишимизга боғлиқ.

Бу иллатга қарши курашда Республикамиз раҳбарияти томонидан ниҳоятда тўғри йўл танлангани туфайли биз Ватанимизда қатор муваффақиятларга эришиб бормоқдамиз.

Бу касалликни даволашда яхши сўз ва керакли дори дармонлардан фойдаланиш яъни олтин қоидага амал қилиш туфайли беморларимиз муваффақиятли даволанмоқдалар.

Ҳаммамизга маълум бўлган яна бир гап – каронавирус пандемиясининг олдини олиш мақсадида бизда карантин жорий этилган яъни зарурият бўлмаганда уйдан чиқмаслик вазифаси қўйилди.

Буюк матонатли халқимиз билан бугун барча ишларни, таълим – тарбияни тўхтатиб қўйган касаллик балосидан албатта эсон – омон чиқиб кетишимизга ишонамиз. Буюк шоиримиз Абдулла  Орипов қаламига мансуб, ҳамма ғурур билан куйлайдиган Давлат мадхиямизда: “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” – деган пур маъноли сўзлар бор. Мана шундай мураккаб ва синовли даврда халқимиз улуғ қудрати, ақл заковати билан бу синовларни енгиб ўтамиз.

Глобал озиқ – овқат етишмовчилиги билан юзага келаётган ҳозирги вазият – мамлакатимизда, халқимизни озиқ – овқат билан таъминлашни юқори даражага кўтариш мақсадида мухтарам Президентимизнинг кўрсатмаларига асосн ҳар бир оила ўз томорқа ерларидан унумли фойдаланиши, зарурий экинлар экиши шарт қилиб қўйилди ва мева – сабзавот етишриши икка баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Карантин талабларидан келиб чиқиб институтимизда масофавий таълим тизимига ўтилди.

Бизнинг “Ижтимоий фанлар” кафедрамизда ўтилаётган барча фанлардан фан моделлар тайёрланиб, профессор – ўқитувчиларимиз ўзлари яратган моделлар бўйича талабалар билан мулоқотларда бўлиб бормоқдалар.

Кафедрамиз профессор – ўқитувчилари томонидан фанлар бўйича яратилган модел ишланмаларида фанга таъллуқли бўлган маъруза матини, тақдимот – схемалари, назорат учун топшириқлар, тест вариантлари ва бошқалар берилган. Талабалар фан моделидаги ўз саҳифаларига кириб мавзуларини ўзлаштириши, мулоқатга киришиши ва ўз билимларини текшириб кўришлари мумкин.

Демак, юқоридаги фикрлардан хулоса шуки, инсон эканлигимизни чуқур ҳис этиб, тафаккур қилиб, бугунги оғир ва машақатли кунлар синовларидан муваффақиятли ўтиш ўзимизга боғлиқ.

Share this post