Blog

ЗАМОН БИЛАН ҲАМҚАДАМ

Бугунги пандемия шароитида ҳам ҳаёт тўхтаб қолган эмас. Аксинча бундай шароитда  яна ҳам ҳушёр, яна ҳам чаққон ва зийрак бўлишга тўғри келади. Ўзгаришлар, ислоҳотлар, ривожланиш, тараққиёт давом этяпти. Айниқса, таълим соҳасида жуда катта янгиликлар кириб келяпти. Бу бир томондан давр талаби бўлса, бир томондан, пандемия сабаб заруратга айланди. Таълим йўналишида бўлаётган ўзгаришлардан бири бу соҳага масофавий таълимнинг кириб келишидир.

Масофавий таълимнинг бир қанча афзалликлари ва ўз навбатида камчиликлари бор. Масофадан ўқитиш – ўқувчига ўқув материалларини қисқа, лўнда, аҳамиятли, айниқса, амалда-ҳаётда керак бўладиган ёки фойдаланиладиган кўринишда етказиб берувчи замонавий таълим. Бу таълимнинг баъзи шакллари  ўқувчига мустакил билим олиш имкониятини яратади, тўғрироғи ўқувчини мустакил ўқитиш принципига асосланган.   Масофадан ўқитишда ёшларимиз иш билан банд бўлган ҳолда, яъни ишлаб  чиқаришдан  ажралмаган  ҳолда ва ё узоқ худудда  яшайдиган, ёки соғлиғи туфайли харакат қила олмайдиган ва х.к. ҳолатларда ҳам таълим олиш имконига эга бўлади. Шунингдек,  бир  вақтнинг  ўзида  қўшимча  тарзда  бошқа  йўналишларда  таълим олиш  ва энг қизиғи, шахсий  қизиқишлари  бўйича  салоҳиятини  ошириш, иқтидорли  талабалар  учун  вақтдан  самарали фойдаланиш  имконини  беради;  малакасини  оширишга  эҳтиёж сезаётган  ва  шу  йўналишда  бевосита  амалиётда  фаолият  кўрсатаётган мутахассисларга  қисқа  муддат  давомида  ўз  малакаларини  ошириш  имкони яратилади. Яна қанчадан-қанча имкониятлар эшиги очиляпти. Буларнинг ҳаммасидан  асосий мақсад таълим  сифатини  ошириш, рақобатбардош мутахассислар етиштириш, ОТМ ходимлари  ва  профессор-ўқитувчилари, шу билан бирга, ўқувчи-талабалар фаолиятида, энг муҳими,  вақтни  тежашга қаратилган. Маълумки, бизнинг ўзбекларда ўқимишли бўлишга – олий маълумот олишга эҳтиёж – шунчаликки, бу ҳар бир ота-она орзуси –  ўқишга талаб жуда катта. Бироқ, анъанавий таълимдаги баъзи  бир чекланганликлар (синфхоналар, ётоқхоналар, дарсликлар, техник воситалар етишмовчилиги, шуларга сарфланадиган ортиқча харажатлар, олий таълимга қабулнинг чегараланганлиги ва ҳ.) сабаб юртимиз илм толибларининг бир қисми орзуси амалга ошмай қолаётганди. Мамлакатимиз Президенти бошчилигидаги таълимдаги ислоҳотлардан ривожланган мамлакатлар даражасида ривожланиш, мустаҳкам, сермазмун, бой маънавий меросимиз, муаззам ва навқирон илмий салоҳиятимиз билан жаҳон цивилизациясининг олдинги ўринларини эгаллаш кўзланяпти. Кундан-кунга фан-техника ва технологияларнинг тобора жадал ривожланиши ҳам жамиятдаги ҳар бир киши доимий ва узлуксиз билим олишини тақазо қиляпти.

Номланишидан ҳам маълумки, масофавий таълимда турли таълим усул ва шакллари қўлланилади, бироқ  уларнинг барчасига хос бир жиҳат: унда барча ўқувчи ва ўқитувчилар масофа жиҳатидан ажратилишидир. Бу эса таълим муассасаларининг, шу билан бирга ўқувчи талабаларнинг  ахборот ва  коммуникацион техника-технология воситалари билан юқори даражада таъминланишини ҳамда педагогик кадрларнинг салоҳиятли фаолиятини талаб этади.

Сизу биздан, умуман, бугунги ҳар бир ўзбекдан талаб шуки, ҳозирги кунда янги педагогик ва ахборот технологияларига асосланган ўқитишнинг янги шакли – масофадан ўқитиш ва ё таълимда қилинаётган бошқа ислоҳотлар, янгиликларни сусткашлик қилмасдан, иккиланмасдан   тезроқ мукаммал даражада ўзлаштириш шарт. Вақт олий ҳакам, аммо шунинг баробарида у ҳеч қачон бизни кутиб турмайди. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиқадиган бўлсак, замон билан ҳамқадам, давр билан ҳамнафас бўлишимиз шарт ва зарур. Жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари амалиётида синовдан ўтган ва ўзини оқлаган янги тизимни ўрганиш ва ундан максимал даражада унумли фойланган ҳолда таълим бериш бугун ҳар бир педагог олдига қўйилаётган талаб экан, вазифамизни фидойилик билан бажарайлик.

Шахноза НУРМУРОДОВА – «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси ўқитувчиси,

Бухоро муҳандислик-технология институти

Share this post