Blog

ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ 29 ЙИЛЛИК МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИНГ МУБОРАК БЎЛСИН

Ўзбекистон халқи учун мустақиллик байрами бу зарурат эди. Чунки мустақиллик бизга биринчидан энг катта неъмат тинчликни, эркинликни мустақил фикрлашни берди, ҳамда инсон қадри-қиммати, эрки, ҳуқуқлари қайта тикланди.

Мамлакатимиз эришган ютуқларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун бугунги ҳаётни кечаги ҳаёт билан солиштириб кўриш керак. Шундан кейин одам бугунги ҳаётни қадрига етади.

Мустақилликка қадар юртимизда вазият жар ёқасига келиб қолган, одамларнинг сабр коссаси тўлган, уларнинг турмуш шароити жуда оғир эди. Буни яшаш даражаси бўйича Ўзбекистон 15 та республика ичида энг пастки ўринларга тушиб қолгани, уч-тўртталаб оила каталакдек ҳовлиларда тиқилиб яшагани, ишсизлик, оналар ва болалар ўлими кескин ошиб кетгани ҳам тасдиқлайди.

Истиқлолдан олдин аҳолимиз, айниқса хотин-қизларимиз оғир меҳнатларда саноатда, қурилишда ва сершовқин дастгоҳлар билан ишлайдиган завод ва фабрикаларда бир неча сменаларда ишлаб келишарди. Буюк Британиядаги шиша ишлаб чиқариш заводларида аёллар киритилмайдиган, Германияда қўрғошин, руҳ, ғишт ишлаб чиқарадиган соҳаларда аёллар меҳнатини қўллаш таъқиқланган, Францияда аёлларнинг кечки сменаларда ишлаши дискриминация ҳисобланадиган бир пайтда бизнинг аёлларимиз оғир ва енгил саноатда бир неча сменалаб ишлардилар.

Истиқлол бизга шундай эркинлик ҳуқуқини бердики, ушалган бу асрий орзуни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ҳақ-ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолати ҳисобланган Конституциямизда “юридик эҳром”нинг энг чўққисида инсон омили қўйилиб, “инсон манфаатлари – олий қадрият” сифатида эътироф этила бошланди. Аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, яшаш, дам олиш, эркин касб танлаш, билим олиш, мулк ҳуқуқи, матбуот, сўз, виждон эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб қўйилди. Айниқса, мамлакатимизда 2008 йил январь ойидан бошлаб энг олий жазо ўлим жазосининг умрбод қамоқ жазосига алмаштирилганлиги инсон манфаатларига қаратилаётган эътиборнинг нечоғлик юқори эканлигини яна бир карра исботлади.

Биз мана шу яратилган ҳақ-ҳуқуқлардан унумли фойдаланиш баробарида, фуқаролик ҳамда конституциявий бурчимизни виждонан масъулият билан ёндошган ҳолда бажаришимиз даркор. Шунда биз кўзлаётган кучли фуқаролик жамияти ва эркин демократик давлатга тўлақонли эришган бўламиз.

Биз “Технологик жараёнларни бошқарув тизимлари” факультети жамоаси номидан бутун халқимиз, ҳурматли устозлару азиз талабаларни жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллик байрамининг 29 йиллиги билан чин юракдан табриклаймиз.

Бух МТИ “Технологик жараёнларни бошқарув тизимлари” факультети декани проф.Х.Ф.Джураев

 

Share this post