Blog

БУХОРО МУҲАНДИСЛИК-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИДА МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

“Уйда қолинг”! Ҳа, биз бу даъватни ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар сонияда эшитамиз. Бугунги кунда бутун дунёда палак ёйган “коронавирус” COVID-19 инфекцияси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Кундалик хабарлардан маълумки, юртимизда ушбу инфекция билан касалланганлар сони тобора ортиб бормоқда. Коронавирус пандемияси барча соҳалар сингари таълим тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказди, олий таълим муассасалари оммавий равишда ёпилди.  Шунга қарамай пандемия ва карантин давридаги бундай оғир вазиятда Ўзбекистонда бирор бир тизим, жумладан олий таълим тизими фаолияти тўхтаб қолгани йўқ.

Мамлакатимизда халқ соғлигини ҳамма нарсадан устун қўйган ҳолда барча ишлар бошқа шаклда ташкил этилди. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, «онлайн» режимда иш олиб борилмоқда. Айни пайтда масофавий таълим тизимини самарали ташкил этиш учун дарсликлар, ўқув-услубий материалларнинг электрон шаклларидан кенг фойдаланиш имконини берувчи ягона таълим платформасини жорий этиш, олий таълимда ўқув жараёнларини бошқариш тизими, бакалавр ва магистр дипломлари базаси ҳамда талабалар ўқишини электрон юритишга мўлжалланган “MOODLE” таълим платформасини яратиш ҳамда вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграциялашган ҳолда ахборот тизимини такомиллаштириш каби вазифалар ҳам белгиланган.

Республикамиз барча олий таълим муассасалари 2020 йил 1 апрелдан масофавий таълимга ўтганлиги сабабли Бухоро муҳандислик технология институти “Енгил саноат машина ва жиҳозлари” кафедраси профессор –ўқитувчилари томонидан талабаларга мавзуларни тушунарли қилиб етказиш мақсадида видеодарслар тайёрланиб,  uTube интернет сайтига ва “Истиқлол” телевидениеси орқали эфирга узатилмоқда. 5321600 – “Енгил саноат технологиялари ва жиҳозлари” таълим йўналиши учун “Тикувчиликда инновацион технологиялар”, “Тикув, трикотаж ва зардўзлик буюмларини ишлаб чиқариш жиҳозлари”, “Енгил саноат машиналари пухталиги”, “Енгил саноат хом ашёларини ишлаб чиқариш жиҳозлари” фанларидан, 5321200 –“Табиий толаларни дастлабки ишлаш” таълим йўналиши учун “Табиий толаларни дастлабки ишлаш” фанидан ва 5А321601- “Енгил саноат машиналари ва аппаратлари“ магистратура мутахассислиги учун “Енгил саноат машиналарини лойиҳалаш ва ҳисоблаш”, “Педагогик технология ва педагогик маҳорат”, “Енгил саноат машиналарининг техник диагностикаси ва тадқиқот асослари” фанларидан 20 дан ортиқ видеолавҳалар тайёрланди.

Тўғри, уйда ўтириш осон иш эмас. Пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз бирдамликда фаоллик кўрсатиб, тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ.

Жумладан, Бухоро Муҳандислик-технология институти профессор ўқитувчилари, магистрантлар ҳамда талабалар масофадан туриб иш олиб бориш билан биргаликда юртбошимиз Ш.М. Мирзиёевнинг 5 ташаббуслари асосида уйда бўш вақтларини самарали ўтказяптилар. Бизнинг ёшларимиз қалбан, руҳан бирга бўлиб, “куч-бирликда” шиори остида фаолият олиб бормоқдалар. “Енгил саноат” факултети 4-босқич талабалари масофавий ўқиб, ўқитувчилар билан Telegramm ижтимоий тармоғи орқали мунтазам равишда мулоқот олиб боряптилар. Барча тенгдошлари сингари 302-16 ЕСТ гуруҳи талабалари Тойирова Гулноза, Мирзаева Сайёра, 306-16 ЕСТ гурухи талабаси Кодиров Лазизжонлар ҳам уйда бўш вақтларини самарали ўтказмоқдалар.

Шу ўринда Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг нутқларига эътибор қаратсак: “Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз. Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз.

Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда «Улуғ халқ қудрати жўш урган  замон», деган чуқур маъноли сўзлар бор. Чиндан ҳам, манна шундай мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз”, – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Биз ўзбек халқи қалбан бирга бўлиб коронавирусни енгамиз.

Ш.Х.Самиева – “Енгил саноат машина ва жиҳозлари”

кафедраси мудири

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published.